Дунёнинг энг қиммат дарвозабони Кепа. Ким ўзи у?
Кепа Аррисабалага номини кўпчилик кеча, «Челси» уни дарвозабонлар учун футбол тарихидаги рекорд сумма – 80 миллион евро эвазига сотиб олганидагина эшитишди. Уч ҳафтагина олдин Буффоннинг 17 йиллик рекордини бузган Алиссон тахтда узоқ турмади. Кепа энди нафақат футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабон, шунингдек, испаниялик футболчилар ичида ҳам бу рейтингнинг энг юқорисига чиқиб олди. У Алваро Мората ва Диего Костани (66 миллион евро) қимматбаҳо испан футболчилари руйхатидан пастга тушириб юбора олди.
Умуман олганда, «Атлетик»ка қойил қолиш керак. Бильбаоликларнинг сўнгги йиллардаги трансферларига бир қаранг: 2012 йилда Хави Мартинес учун 40 миллион евро, Андер Эррера учун 36 миллион евро, Эмерик Ляпорт учун 65 миллион, Кепа учун 80 миллион евро. Дунё футболида у қадар юлдуз бўлиб танилмаган 4 нафар футболчи учун 221 миллион евро. «Атлетик» менежментига фақат қарсак чалиш мумкин.
Аслида Кепа у қадар «нонейм» эмас, у Ла Лига мухлисларига, айниқса, «Реал» ишқибозларига таниш. Айнан «Реал»нинг бу дарвозабонга қизиқиши унинг нархини шу қадар осмонга сапчитиб юборганини балки билмасангиз керак. Гап шундаки, «Реал» бу дарвозабон билан январда ҳам қизиқиб кўрган ва ҳатто Кепа Мадридда тиббий кўрикдан ҳам ўтганди. Аммо сўнгги паллада Зидан бу трансферга «вето» қўйди. У мавсум давомида асосий дарвозабонни ўзгартиришни истамаганди.
Бундан ташқари, ушбу трансфернинг содир бўлмагани ҳақида бошқа версиялар ҳам бор. Баъзилар, аслида дарвозабоннинг ўзи «Реал»га ўтишни истамаганини айтишади.
«Мен бундай қарорни қабул қилишдан олдин обдон ўйлашим керак эди. Фаолиятимнинг энг муҳим босқичида айнан қайси йўлдан кетишим кераклиги ҳақида ўйладим, оилам, яқинларим билан маслаҳатлашдим, барчасини тарозига солишим керак эди» – деб жавоб беради Кепа ундан Мадридга ўтмагани сабаблари ҳақида сўралганда.
Натижада «Атлетик» Кепа Аррисабалага билан янги 2025 йилгача мулжалланган шартнома тузди ва натижада белгиланган 20 миллион евролик товон пули 80 миллионга кўтарилди.
Қизиғи, бу воқеадан бир неча ой ўтиб, дарвозабон ўзига хос услубда мадридликлардан «қасдини олганди». «Сантяго Бернабеу»да кечган ўйинда у «Атлетик» либосида шу қадар ажойиб сейвларни амалга оширдики, «Реал» кимни қўлдан чиқарганини ҳис қилган бўлса керак. Ўша ўйин 1:1 ҳисобида якунланган, «Атлетик» Мадриддан бир очко олиб кетишга муваффақ бўлганди.
Хўш, 23 ёшли энг қиммат дарвозабон Кепа Аррисабалага ким ўзи?
Кепа Аррисабалага Ривуэлта 1994 йилнинг 21 ноябрида Басклар юртининг Ондарроа шаҳарчасида туғилган. 9 ёшидан бошлаб «Атлетик» системасидан жой олган Кепа тезлик билан турли ёшдаги жамоаларда кўтарилиб борди. Икки йил иккинчи дивизиондаги ижара мавсумларидан сўнг, у 2016 йилнинг сентябрида асосий таркибда дебют қилди ва илк ўйинидаёқ ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олди. Ўша 2016/17 йилги мавсумдаги 23 ўйинда Кепа дарвозасига атиги 22 гол урилди, ўртамиёна жамоа дарвозабони учун жуда яхши кўрсаткич ҳисобланади. Турнир жадвалида 16-ўринни олган «Атлетик» 5-ўриндаги «Вильяреал»дан кам гол ўтказиб юборгани, албатта, Аррисабалаганинг хизматидир.
«Унинг реакцияси жуда юқори, позицияни жуда яхши танлайди. Унинг ҳаракатларида ўзига бўлган ишонч сезилиб туради, бу эса, шерикларига ҳам ижобий таъсир қилади» – дейди у ҳақида «Барселона» бош мураббийи Эрнесто Вальверде. Айнан унинг қўл остида Кепа 21 ёшида «Атлетик»да дебют қилган эди. Кейинги, 2017/18 йилги мавсумда эса, Кепа сейвлар сони бўйича лигада учинчи ўринни эгаллади. У ўтган мавсумда иккита пенальтини қайтарган, жарима майдони ичидан йўлланган 64 зарбани бартараф этган. Шунингдек, унинг узоқ масофаларга узатган 368та паси аниқ етиб борган.
Вальверденинг гапларини «Атлетик» ярим ҳимоячиси Микель Сан Хосе ҳам қувватлайди: «У ажойиб дарвозабон. У доим хотиржам, бу эса бизга ҳам хотиржамлик олиб келади. Биз уни ҳеч қачон асабий ёки ишончсиз ҳолатда кўрмаганмиз».
«Мен унга бир йил олдин эътибор бергандим», – дейди «Челси»нинг янги мураббийи Маурисио Сарри, - «менинг илк таассуротим – у жуда яхши дарвозабон, ҳали жуда ёш, лекин жуда яхши дарвозабон».
Унинг яна бир устунлиги оёқ билан жуда яхши ўйнай олишидар. Айтишларича, 14 ёшгача бўлган жамоада жароҳатлар кўпайиб кетгач, Кепа майдонда ҳам ҳаракат қилишига тўғри келган ва ҳатто икки гол муаллифи бўлган экан.
Катта футболдаги атиги икки мавсум Кепа Аррисабалагага Испания терма жамоасига номзод бўлишига кифоя қилди. Аслида гап фақат «Атлетик» сафидаги ўйинларда эмас, у ўсмирлик давридан турли ёшдаги терма жамоаларга жалб қилиб келинади. Ёшлар ўртасидаги 2012 йилги Европа чемпионатида у қаҳрамонлардан бири бўлганди. Испаниянинг ғалабаси билан якунланган ўша турнирда Кепа асосий дарвозабон бўлган ва Кепанинг французларга қарши ярим финалда пенальтилар сериясидаги ажойиб ўйини Испанияни финалга олиб чиққанди. Асосий терма жамоадаги дебют ўтган йилнинг охирларида содир бўлди. У Коста-Рикага қарши ўртоқлик ўйинида (5:0) «қизил фурия» либосини кийди.
Кепанинг дунёнинг энг қиммат дарвозабонига айланишида «Реал»нинг ҳам таъсири бор деб юқорида айтилди. Бу ҳали ҳаммаси эмасди, мадридликларнинг «Челси» дарвозабони Тибо Куртуани ўз томонларига оғдириб олишлари «Челси»нинг пулни аямасдан сарфлашига замин яратди. Охир-оқибат Куртуанинг кетишга қарор қилиши «Челси»да зудлик билан дарвозабон масаласини ҳал қилиш заруриятини пайдо қилди. Балки шунинг учун Кепанинг трансферини кўпроқ «довдираш»га йўяётганлар жуда кўп.
Лекин айтиш мумкинки, нарх ҳақидаги гаплар асосан бугунги кун учун, эртага Кепа «Челси» дарвозасида ишончли ўйнай бошласа, эсдан чиқади. Нархдан қатъи назар бирор бир хариднинг омадли трансфер деб аташ учун футболчининг янги жамоасидаги ўйинлари энг асосий омил бўлиб ҳизмат қилади. Демак ҳали Кепа ўз сўзини айтгани йўқ.
Қ.Асланов тайёрлади
Мавзуга оид
13:34
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
12:56 / 22.09.2024