Жаҳон | 20:33 / 25.02.2019
12322
3 дақиқада ўқилади

Трамп режиссёр Спайк Лининг “Оскар”даги нутқига жавоб қайтарди

Фото: Danny Moloshok / Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда режиссёр Спайк Лининг “Оскар” тақдимотидаги нутқини танқид қилди.

Спайк Ли суратга олган “Қора кланчи” фильми энг яхши адаптация қилинган сценарий учун “Оскар” олди. Фильм бўлган воқеалар асосида олинган бўлиб, унда 1970-йилларда “Ку-клукс-клан” ташкилотига яширинча қўшилиб, унинг сафига яҳудий ҳамкасбини жўнатган афроамерикалик полициячи ҳақида сўзланган. 

Спайк Ли мукофотни олиш вақтида нутқини бир нечта ғижимланган варақлардан ўқиб берган ва унда АҚШ тарихидаги қулдорлик даврига мурожаат қилиб, ўз бобо-бувисини ҳамда “геноцидга қарамай, бу мамлакатни қуришга ёрдам берган аждодларини” эсга олган.   

“2020 йилги президент сайловларига озгина вақт қолди. Келинг бирлашайлик! Муҳаббат ва нафрат ўртасида танлов қилинг. Келинг тўғри йўл тутайлик!”, деб чорлаган режиссёр залда йиғилганларни ва “Нимани назарда тутаётганимни тушунмоқдасиз”, деб қўшимча қилган. У ўз нутқида Дональд Трамп исмини тилга олмаган.

“Агар Спайк Ли афроамерикаликларга исталган президентдан кўпроқ иш қилган президентга ўз ирқий зарбасини бераётганда ўз ёзувларини ўқиб бера олганда ёки ундан ҳам яхшиси, бу ёзувлардан умуман фойдаланмаганда яхшироқ бўларди”, деб ёзган Трамп. АҚШ президенти суд тизими ислоҳотлари, ишсизликнинг тарихий энг паст кўрсаткичлари, солиқлар қисқариши ҳақида гапираётганини таъкидлаб ўтган. 

The Washington Times нашрининг ёзишича, Трамп президентлиги вақтида лотин америкаликлар ва афроамерикаликлар мавқеи яхшиланганини бир неча маротаба такрорлаб ўтган. Нашрнинг ёзишича, АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюроси расмий статистикасига кўра, вазият ҳақиқатан ҳам шундай. 

Бироқ Трампни танқид қилувчиларнинг таъкидлашича, статистик маълумотларни баҳолашнинг турли усуллари мавжуд ва Трамп айтаётгани кўпроқ лотин америкаликларга тааллуқли бўлиб, боз устига уларнинг турмуш тарзи Трамп президент бўлишидан олдин ўса бошлаган.

Мавзуга оид