Жаҳон | 10:45
1599
3 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон бўйича янги шартларни очиқлади

АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Эрон билан эҳтимолий келишув доирасида Теҳрон активларини олдиндан муздан чиқармаслиги ва санкцияларни бекор қилмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу каби қадамлар фақат тинчлик келишувига эришилганидан кейингина муҳокама қилиниши мумкин.

Фото: REUTERS

NBC News телеканалига берган интервьюсида Трамп Эронга нисбатан иқтисодий чекловларни юмшатиш ёки мамлакат активларини озод қилиш масаласи ҳозирча кун тартибида эмаслигини айтди.

«Бу кейинроқ бўлади. Агар улар ўзини муносиб тутса ва яхши иш қилса, шундан кейин бу ҳақда гаплашишни бошлаймиз», — деди АҚШ президенти.

Трампнинг сўзларига кўра, санкцияларни бекор қилиш ёки музлатилган маблағларга рухсат бериш Вашингтон учун музокараларнинг бошланғич шарти эмас, балки эҳтимолий келишув натижаси бўлиши мумкин.

Ливан масаласи келишувнинг мажбурий қисми эмас

Оқ уй раҳбари интервью давомида АҚШ Эрон билан қисқа муддатли келишув тузиш жараёнида Ливан масаласини мажбурий шарт сифатида қўймаётганини ҳам маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Теҳрон Ливан билан боғлиқ масалаларни музокараларга киритишни хоҳлаши мумкин, аммо Вашингтон буни талаб қилмаяпти.

Шу билан бирга, Трамп Исроилни Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши амалиётларда эҳтиёткорроқ бўлишга чақирди.

«Мен Ливанда ҳаёт яхшироқ бўлишини хоҳлайман. “Ҳизбуллоҳ”га қарши зарбалар янада аниқ ва мақсадли бўлиши керак деб ҳисоблайман», — деди у.

Хоминаий билан учрашув эҳтимоли

Трамп интервьюда Эрон олий раҳбарининг вориси сифатида кўрилаётган Мужтабо Хоминаий билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказиш эҳтимолини ҳам истисно қилмади.

Журналистлар унинг аниқ қаерда экани ҳақида савол берганида, АҚШ президенти бу ҳақда батафсил маълумот беришни истамади.

«Унинг қаерда эканини биламанми-йўқми, бу ҳақда гапиришни истамайман. Аммо билишим эҳтимоли жуда юқори», — деди Трамп.

Вашингтон ва Теҳрон музокараларни давом эттирмоқда

Аввалроқ Axios нашри АҚШ ва Эрон вакиллари қуролли можарони ҳал этиш бўйича дастлабки келишув лойиҳаси юзасидан муайян келишувга яқинлашганини хабар қилган эди.

Бироқ ҳозирча ҳеч қандай якуний ҳужжат имзоланмаган. АҚШ томони Эрондан ядровий қурол яратиш дастуридан воз кечишни асосий талаблардан бири сифатида илгари сурмоқда.

Эрон раҳбарияти ҳам АҚШ билан урушни тўхтатиш бўйича якуний келишув ҳали имзоланмаганини маълум қилган.

Кузатувчилар фикрича, Трампнинг сўнгги баёнотлари Вашингтоннинг Эронга нисбатан босим сиёсатини сақлаб қолган ҳолда дипломатик ечим излашда давом этаётганини кўрсатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид