Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп: Нетаньяҳу Эрон бўйича ҳар қандай келишувни қабул қилади
АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Вашингтон ва Теҳрон ўртасида эришиладиган ҳар қандай тинчлик келишувини қабул қилишга мажбур бўлишини билдирди. Бу ҳақда у Financial Times нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Трампнинг таъкидлашича, Эрон билан боғлиқ муҳим қарорлар АҚШ томонидан қабул қилинмоқда ва бу жараёнда ҳал қилувчи сўз Вашингтонга тегишли.
«Барча қарорларни мен қабул қиламан. У (Нетаньяҳу) қарор қабул қилмайди», — деди АҚШ президенти.
Интервью Исроил ҳудудига Эрон томонидан ракета ҳужуми амалга оширилгани ҳақидаги хабарлар ортидан эълон қилинди. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси мазкур ҳужумни Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» объектларига Исроил томонидан берилган зарбага жавоб сифатида «огоҳлантириш» деб атаган.
Шунга қарамай, Трамп Эроннинг сўнгги ҳаракатлари Вашингтоннинг дипломатик йўл орқали келишувга эришиш режаларини ўзгартирмаслигини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ракета ҳужумлари тинчлик музокараларига жиддий таъсир кўрсатмайди.
«Бу келишувга ҳеч қандай таъсир қилмайди. Вазият қандай ривожланишини кузатамиз. Аммо бу ҳужумлар амалда ҳеч қандай натижа бермади», — деди Трамп.
Айни пайтда Оқ уй раҳбари агар дипломатик музокаралар муваффақиятсиз якунланса, АҚШ яна ҳарбий куч ишлатиш имкониятини ҳам истисно қилмаслигини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, май ойи охирида АҚШ ва Эрон музокарачилари қуролли қарама-қаршиликни тўхтатиш бўйича дастлабки келишув лойиҳасига яқинлашган. Axios нашри америкалик мансабдорларга таяниб, томонлар муайян масалалар бўйича умумий тушунчага келганини хабар қилган эди.
Бироқ ҳозирча якуний келишув имзолангани йўқ. Вашингтон Теҳрондан ядровий қурол яратиш дастуридан бутунлай воз кечишни асосий шартлардан бири сифатида кўрмоқда.
Эрон расмийлари ҳам АҚШ билан урушни тўхтатиш ва муносабатларни барқарорлаштириш бўйича якуний келишувга ҳали эришилмаганини маълум қилган.
Кузатувчилар фикрича, АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Яқин Шарқдаги хавфсизлик муҳитига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шу боис Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги эҳтимолий келишув нафақат икки давлат, балки бутун минтақа учун муҳим аҳамият касб этади.