Ўзбекистон | 12:46 / 26.02.2019
4590
2 дақиқада ўқилади

Муаллифлик ҳуқуқларига риоя этмаганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

Интеллектуал мулкка нисбатан муаллифлик ҳукуқларининг бузилиши маъмурий ва қўпол ҳамда қўпол тарзда бузилган ҳолатлар учун жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлиши мумкин. 

Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги қошидаги ўқув маркази директори ўринбосари Воҳиджон Аллаёров маълум қилди. 

“Бугунги кунда Ўзбекистонда ўзбек ва жаҳон адабиётини чоп этиш ва муаллифларга ҳақ тўлаш жараёнларида кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари мавжуд. 

Масалан, институтларда шунақа топшириқлар бор экан: ўқитувчиларга топшириқ берилади, қўлига русча китоб бериб, “шуни таржима қиласан ва ўзингнинг номингдан чоп этасан” дейишади. У интернетдан кўчириб олади ва таржимонларга пул тўлаб, ўзининг номидан чоп этади. Бу бир томонидан жуда кулгили, иккинчи томондан қонуннинг қўпол бузилиши. 

Воҳиджон Аллаёров

Бундан ташқари, жаҳон адабиёти асарларини таржима қилиш ва чоп этишда муаллифлик ҳуқуқларига қатъий риоя этилиши керак. Асар муаллифи ҳаёт ёки унинг вафотига 50 йил тўлмаган ҳолатда розилик олиниши шарт. 

Интернет сайтларига жойлаштирилаётган асарлар ҳақида ҳам худди шу фикрни айтиш мумкин. Бирор бир порталга асарни жойлаштириш учун  интеллектуал мулк эгаси (асар муаллифи ёки таржимон) розилиги олиниши лозим. Акс ҳолда бу нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка ҳам асос бўлиши мумкин.

Мавзуга оид