Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британиялик 10 минг нафар ёзувчи матнсиз китоб чиқарди
Улар сунъий интеллект компаниялари ўз асарларидан рухсатсиз фойдаланишига қарши шу тарзда норозилик билдирди.
Фото: The Guardian
Буюк Британияда 10 мингдан ортиқ ёзувчи сунъий интеллект компаниялари ўз асарларидан рухсатсиз фойдаланишига қарши норозилик сифатида матнсиз китоб чиқарди. Бу ҳақда The Guardian ёзди.
Китоб «Don’т steal this book» («Бу китобни ўғирлама») деб номланди. Унинг ягона мазмуни - муаллифлар рўйхати. Китобни яратишга қўшилганлар орасида инглиз телебошловчиси ва ёзувчиси Ричард Осман, «Болейн сулоласидан яна бири» романи муаллифи Филипп Грегори, шунингдек, адабиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори, британиялик ёзувчи Кадзуо Ишигуро бор.
Китоб нусхалари 10 март куни очилган Лондон китоб ярмаркасига борганлар орасида тарқатилади. Лойиҳа ташкилотчиси, бастакор ва муаллифлик ҳуқуқи фаоли Эд Нютон-Рекснинг айтишича, сунъий интеллект саноати «рухсатсиз ва тўловсиз ўғирланган ишлар устига қурилган».
«Бу қурбонларсиз жиноят эмас - генератив сунъий интеллект одамлар асарларини ўрганмоқда, улар билан рақобатлашмоқда ва тирикчилик воситаларидан маҳрум қилмоқда. Ҳукумат Буюк Британиядаги ижодкорларни ҳимоя қилиши ва сунъий интеллект компаниялари томонидан ижодий ишларни ўғирлашни қонунийлаштиришдан воз кечиши керак», деди у.
Бир йил олдин, 2025 йил феврал ойида мингдан ортиқ мусиқачилар, жумладан, Blur гуруҳи қўшиқчиси Дэймон Албарн, Энни Леннокс ва Кейт Буш Британия ҳукуматининг сунъий интеллект ишлаб чиқувчиларига муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарлардан фойдаланишга рухсат бериш режаларига норозилик сифатида овозсиз қўшма альбом чиқарди. Альбом «Бу биз хоҳлаган нарсами?» деб номланган. Унда жами 47 дақиқа давом этадиган 12 та трек мавжуд. Улар концерт заллари ва студиялардаги тўлиқ сукунат ёки қандайдир шовқин ёзувидир.
Буюк Британия ҳукумати узоқ вақтдан бери қонунга тузатишларни кўриб чиқмоқда, агар улар маъқулланса, сунъий интеллектни ишлаб чиқувчи компанияларга интернетда мавжуд бўлган бадиий асарлардан, жумладан, мусиқий асарлардан муаллифлик ҳуқуқига риоя қилмасдан фойдаланиш имконини беради.
Мавзуга оид
01:16 / 07.03.2026
OpenAI компанияси GPT-5.4 моделини тақдим этди
15:19 / 06.03.2026
Буюк Британия Паралимпиада очилишини бойкот қилади
08:54 / 04.03.2026
Ҳиндистонда суд можароси: AI тўқиб чиқарган қарорлар ишда асос бўлган
09:10 / 03.03.2026