Жаҳон | 00:59 / 27.02.2019
5742
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Европа Иттифоқини носамимийликда айблади 

Европа Иттифоқи етакчиларининг Араб давлатлари лигаси ва Европа Иттифоқининг Мисрдаги саммитида иштирок этишлари уларнинг носамимийлигини кўрсатади, деб айтди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.  

АДЛ-ЕИнинг биринчи саммити 24-25 февраль кунлари Мисрнинг Шарм-аш-Шайх курорт шаҳрида бўлиб ўтди. Унда араб давлатларининг кўпчилик ва Европанинг 20 га яқин етакчиси иштирок этди. 

“Европа Иттифоқи ўлим жазосига қарши чиқмоқда, унинг ижроси унга аъзо давлатларда тақиқланган. Агар Европа Иттифоқи етакчилари исёнчи ас-Сисий (Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисий) таклифи билан ўтган ҳафта 9 нафар ёш қатл этилган давлатда АДЛ-ЕИ саммитида иштирок этаётган бўлса, Европада қандай қилиб демократия ҳақида гапириш мумкин?”, деб айтган Эрдўған Гирасун шаҳридаги нутқида.

Туркия-Миср муносабатлари Мисрда 2013 йилда собиқ президент Муҳаммад Мурсий ағдарилиб ташланиб, унинг ортидан юз берган қонли тўқнашувлардан кейин ёмонлашган. Эрдўған мисрлик ҳарбийларнинг Мурсий тарафдорларига қарши ҳаракатларини кескин қоралаганди. Икки давлат 2013 йил августда ўз элчиларини маслаҳатлашувлар учун чақиртириб олишган. Ноябрда эса Миср Туркия элчисини, Туркия эса Миср элчисини нон-грата деб эълон қилган.

Ўтган ҳафта, 20 февралда Миср турмалар бошқармаси 2015 йилда Миср бош прокурори Ҳишам Баракатнинг ўлдирилишига алоқадор бўлган 9 нафар айбланувчини қатл этди.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид