Ўзбекистон | 09:39 / 28.02.2019
4972
11 дақиқада ўқилади

Илмий кадрларнинг академик ҳаракатчанлиги дастури шакллантирилади

Фото: Getty Images

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Илмий кадрларнинг академик ҳаракатчанлиги дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Илмий кадрларнинг академик ҳаракатчанлиги дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, академик ҳаракатчанлик мамлакатда ёш олимлар, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, республикада мавжуд ноёб илмий объектлар, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюроларидан самарали ва оқилона фойдаланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилади.

Академик ҳаракатчанлик дастури – ОТМ ва ИТМда илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган, 40 ёшгача бўлган профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, докторантлар, мустақил изланувчилар ва магистр талабалари илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик ишлари илмий, илмий-техник лойиҳалари мажмуини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳар йили илмий кадрларнинг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириладиган вазирлик ва идораларнинг ОТМ ва ИТМларида, давлат ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналарда, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказларида, мавжуд замонавий илмий лабораториялар, тажриба-конструкторлик бюролари ҳамда ноёб илмий объектлардан фойдаланган ҳолда илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга кўмаклашиш мақсадида академик ҳаракатчанлик дастури доирасида лойиҳалар танловини ўтказади.

Инновация вазирлиги академик ҳаракатчанлик дастури доирасида илмий кадрларнинг илмий-тадқиқот олиб бориши мумкин бўлган ноёб илмий объектлар, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюролари мавжуд ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириб боради.

Ташкилотлар ҳар йили 1 июнга қадар ўз балансидаги ноёб илмий объектлари, илмий асбоб-ускуналар, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюролари тўғрисидаги маълумотларни Инновация вазирлигига тақдим этиб боради.

ОТМ ва ИТМ академик ҳаракатчанлик дастури доирасида илмий тадқиқотлар ўтказиладиган ташкилотлар рўйхатини шакллантириш учун ўз таклифларини Инновация вазирлигига тақдим этиши мумкин.

Инновация вазирлиги балансида ноёб илмий объектлар, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюролари мавжуд ташкилотлар билан уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига маъмурий аралашмасдан туриб, илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзолайди.

Келишувга эришилган ташкилотлар Инновация вазирлигининг ноёб илмий объектлар, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюролари маълумотлар базасига киритилади.

Инновация вазирлиги ҳар йили 1 сентябрдан 1 октябрга қадар кейинги молиявий йил учун академик ҳаракатчанлик дастурини шакллантириш учун танлов эълон қилади.

Танловни ўтказиш ҳақидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши зарур:

танловни ўтказиш муддатлари;

танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

зарур ҳужжатлар рўйхати;

боғланиш учун телефон ва электрон манзиллар.

Танловда республика ОТМ ва ИТМда илмий-тадқиқот билан шуғулланаётган илмий кадрлар ўз лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкин.

Бир илмий-тадқиқот ишлари доирасида бир гуруҳ илмий кадрлар (илмий жамоа) томонидан олиб борилаётган лойиҳа бўйича ОТМ ва ИТМнинг илмий ёки илмий-техник кенгаш тавсиясига асосан илмий жамоа ҳам иштирок этиши мумкин.

Номзодлар танловда иштирок этиш учун фаолият кўрсатаётган ОТМ ва ИТМнинг йўлланма хати орқали илмий-тадқиқот иши бўйича лойиҳа тақдим этади.

Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилган бўлиши лозим:

илмий-тадқиқот ишининг мавзуси, долзарблиги;

илмий-тадқиқот ишининг, объекти, предмети, мақсад ва вазифалари, кутилаётган илмий натижалар;

илмий кадрнинг нашр этилган илмий ишлари рўйхати;

илмий-тадқиқот олиб бориш назарда тутилаётган ташкилот;

илмий лаборатория ёки тажриба-контрукторлик бюроларида илмий-тадқиқот олиб боришнинг зарурияти, муддати ва керакли ускуна, материал ва реактивлар;

қабул қилувчи ташкилот билан келишилган, лойиҳани амалга ошириш календар режаси.

Илмий кадрларнинг илмий-тадқиқот мавзулари ОТМ ва ИТМнинг илмий ёки илмий-техник кенгашлари томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.

Нашр этилган илмий ишлари рўйхати илмий кадрнинг асосий иш жойи илмий котиби томонидан тасдиқланади.

Лойиҳа давлат илмий-техник дастурлари доирасида шакллантириладиган лойиҳаларга қўйилган талаблар асосида тайёрланади.

Лойиҳага илмий кадрларнинг маълумотнома-объективкаси (анкета), фуқаролик паспортининг нусхаси илова қилинади.

Лойиҳа ОТМ ёки ИТМ раҳбарининг расмий кузатув хати орқали электрон тарзда Инновация вазирлигига юборилади. Лойиҳани электрон тарзда қабул қилиш тартиби вазирлик расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Танлов қуйидаги тўртта босқичда амалга оширилади:

1-босқич, лойиҳа ҳужжатларини қабул қилиш, танлов эълон қилинган кундан бошлаб бир ой;

2-босқич, лойиҳа ҳужжатларини Инновация вазирлигининг таркибий бўлинмалари томонидан дастлабки илмий-техник ва молиявий-иқтисодий экспертизадан ўтказиш, ҳужжат қабул қилиш тўхтатилган кундан бошлаб 15 кун;

3-босқич, лойиҳа ҳужжатларининг Инновация вазирлиги Махсус эксперт гуруҳи томонидан ўрганиш ва хулоса тайёрлаш, дастлабки илмий-техник ва молиявий-иқтисодий экспертиза тугаган кундан бошлаб 15 кун;

4-босқич, лойиҳанинг Инновация вазирлиги Ҳайъат йиғилиши мажлисида кўриб чиқилиши ва ғолибларнинг аниқлаш, Инновация вазирлиги Махсус эксперт гуруҳи хулосаси олинган кундан бошлаб 15 кун давомида.

Лойиҳа ҳужжатларини Инновация вазирлиги Махсус эксперт гуруҳи томонидан ўрганиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 5 июлда 3036-сон билан рўйхатдан ўтган “Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар), шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш мақсадида уларни танлов асосида саралаш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ амалга оширилади.

Танловга лойиҳа ҳужжатларини тақдим этиш муддати тугагандан сўнг тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.

Лойиҳа танлови қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

илмий тадқиқот мавзусининг мамлакат фан ва технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мослиги;

илмий тадқиқот мавзусининг янгилиги ва долзарблиги;

ноёб илмий объектлар, илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюроларида ўтказиладиган тажрибалардан кутилаётган натижаларнинг илмий самарадорлиги;

илмий кадрнинг илмий салоҳияти.

Танловда ғолиб деб топилган лойиҳалар бўйича илмий кадрларнинг академик ҳаракатчанлиги дастури шакллантирилади ва Инновация вазирлиги Ҳайъат йиғилиши қарори билан тасдиқланади.

Танлов ғолиблари биринчи декабрда интернет нашрлари ва Инновация вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилинади. Танлов ғолибига сертификат берилади.

Лойиҳа бажарилишининг умумий муддати илмий кадрнинг илмий стажировкаси муддатини ҳисобга олган ҳолда жами бир йилдан ошмаслиги лозим.

Қабул қилувчи ташкилот мажбуриятлари:

илмий кадрга лойиҳани амалга ошириш учун керакли шарт-шароитларни яратиш;

илмий кадрга лойиҳани амалга ошириш давомида илмий маслаҳатчи тайинлаш;

ноёб илмий объектлар, илмий лабаратория ва тажриба-конструкторлик бюроларининг илмий асбоб-ускуналаридан фойдаланиш учун мутахассис бириктириш;

лойиҳа доирасида дала ёки саноат тажрибаларини ўтказишга кўмаклашиш.

мавжуд ахборот ресурс базаларидан, кутубхоналар ва илмий фондидан фойдаланиш имкониятини яратиш;

илмий-тадқиқот ишлари натижаларини таҳлил қилиш ва ҳисоботлар тайёрлашда кўмаклашиш;

тегишли кафедраларда (бўлим) лойиҳани олиб борилиши юзасидан илмий кадр ҳисоботларни кўриб чиқиш ва зарур йўлланмалар бериб боришдан иборат.

Қабул қилувчи ташкилот томонидан тайинланган илмий маслаҳатчининг вазифалари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

илмий кадр билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш календар иш режасини ишлаб чиқиш ва уни ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш;

илмий кадрга илмий-тадқиқот ишини олиб бориши учун зарур бўлган маслаҳатлар бериб бориш;

лойиҳани амалга ошириш жараёнлари қайд этилган журнални тасдиқлаб бориш.

Илмий кадрнинг мажбуриятлари:

қабул қилувчи ташкилот ички меҳнат тартиби ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш;

қабул қилувчи ташкилотнинг моддий-техник базасидан оқилона ва самарали фойдаланиш;

лойиҳани амалга ошириш жараёнларини қабул қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланган ва муҳрланган журналда қайд этиб бориш;

илмий-тадқиқот натижалари асосида камида битта илмий мақолани нуфузли хорижий (имкон қадар импакт факторга эга бўлган) журналларда чоп этиш;

илмий маслаҳатчининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш ва кафедра (бўлим) йиғилишларида бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот бериб бориш.

Илмий кадрларнинг академик ҳаракатчанлиги дастури доирасида лойиҳани амалга ошириш харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Инновация вазирлиги ҳайъати қарори ва берилган сертификатга асосан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Лойиҳа харажатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

хизмат сафарлари харажатлари;

ноёб илмий объектлар, илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюролари моддий-техник базасидан фойдаланиш харажатлари (коммунал тўловлар, кимёвий реактивлардан фойдаланиш харажатлари ва бошқалар);

илмий маслаҳатчига тўланадиган иш ҳақи тўловлари.

Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ хизмат сафари харажатлари илмий кадрнинг ишлаётган ОТМ ёки ИТМ смета харажатлари асосида, лойиҳа ўтказиш ва илмий маслаҳатчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар қабул қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланадиган смета харажатлари асосида қопланади.

Илмий кадрнинг асосий иш жойидаги лавозими ва ойлик иш ҳақи малака ошириш давомида сақланиб қолинади.

Лойиҳани ўтказиш жараёни, календар иш режасининг бажарилиши мониторинги илмий кадр ишлаётган ОТМ ёки ИТМнинг тегишлилиги бўйича кафедралар, илмий бўлим, илмий ва инновация ишлари бўйича проректорлар, илмий, илмий-техник кенгашлар томонидан олиб борилади.

Қуйидаги ҳолларда лойиҳани амалга оширилиши мониторинг натижаларига кўра лойиҳани молиялаштириш илмий кадр ишлаётган ОТМ ёки ИТМ ташаббуси билан тўхтатилиши лозим:

илмий кадр томонидан лойиҳа ишлари умуман ва тегишли даражада бажарилмаётган бўлса;

илмий-тадқиқот ишлари жараёнида натижага эришиш мумкин эмаслиги маълум бўлса;

илмий кадрга боғлиқ бўлмаган ҳолда тажриба-конструкторлик ва технология ишларини бажариш жараёнида ишни давом эттириш мумкин эмаслиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги маълум бўлса.

Лойиҳани бажарилиши якунлангандан сўнг қабул қилувчи ташкилот ва илмий кадр ўртасида лойиҳани амалга ошириш харажатлари кўрсатилган ҳолда бажарилган ишлар далолатнома тузилади.

Илмий кадр академик ҳаракатчанлик дастури доирасида олиб борилган лойиҳа натижалари ҳисоботи ОТМ ёки ИТМда муҳокама қилингани ҳақидаги Илмий кенгаш йиғилиши баённома кўчирмаси, ажратилган маблағларнинг ишлатилгани бўйича ОТМ ёки ИТМ раҳбари томонидан тасдиқланган ҳисобот Инновация вазирлигига тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид