Ўзбекистон | 11:20 / 28.02.2019
8836
4 дақиқада ўқилади

Сенат: халқ таълими соҳасида шароитлар яхшиланса ҳам, кутилган натижа йўқ

Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев халқ таълими соҳасида шароитлар ўзгариб, моддий-техник база яхшилангани билан кутилган натижа йўқлигини маълум қилди.

«Ҳар қандай миллат ва мамлакат тамаддунининг ибтидоси таълим, яна ҳам аниқроқ айтсак, мактабдир. Шу боис, давлат ижтимоий соҳалар ичида мактаб таълимига алоҳида эътибор қаратади. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мактабларнинг моддий-техник базаси, соҳа ходимлари учун шарт-шароитлар кундан-кунга яхшиланиб бораётган бир шароитда таълим сифати ва натижадорлик кутилганидек эмас», - дея Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раисига кўра, бунинг асосий сабабларидан бири – мактаб дарсликларини таълим стандартлари ва дастурлар асосида тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатишда йўл қўйилаётган жиддий камчиликлар, хатолар ва бошқа мавҳумликларда акс этади.

«Эътибор беринг: сўнгги уч йилда Давлат бюджети ва мақсадли китоб жамғармасининг қарийб 307 млрд. сўм маблағи эвазига 98 млн. нусхадан ортиқ дарсликлар чоп этилган», - дея қайд этган Сенат раиси.

Маълум қилинишича, дарсликларни яратишга оид мукаммал ҳуқуқий асослар шу пайтга қадар тўлиқ шаклланмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Дарсликларни ишлаб чиқиш учун муаллифлар таркибини танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида»ги Низомда эса, дарсликлар лойиҳасини тегишли фан ўқув дастурлари асосида ишлаб чиқиш, экспертлар гуруҳи томонидан бу лойиҳаларни қандай мезонлар асосида баҳолаш тартиби белгиланмаган. Оқибатда, илк босқичдаёқ дарсликлар ўқув дастурларига мувофиқ тайёрланмаган.

«Ҳукуматнинг ушбу Қарорига мувофиқ, дарсликларни танлаб олиш бўйича комиссияга келиб тушган дарсликларни кўриб чиқиш ва баҳолаш тўғрисидаги ахборот сир сақланиши белгилаб қўйилган. Бу эса, дарсликлар лойиҳаларини шаффоф баҳолаш,улар юзасидан кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, ўқитувчиларнинг, ота-оналарнинг, тегишли эксперт ва бошқа мутахассисларнинг ҳаққоний, холис муносабатини билиш имконини деярли йўққа чиқарган», - дейди Йўлдошев.

Сенат раиси марҳум шахслар муаллифлигида дарсликлар чоп этилаётганини қайд этиб, мактаб китобларининг сифати ҳақида алоҳида мулоҳазаларини билдирган

«Дарсликларда бир-бирини рад этадиган хулосалар, мавҳумликлар ва номувофиқликлар кўпайиб кетгани ўқитувчи ва ўқувчиларни чалғитмоқда. Жумладан, 8-синф «Ўзбекистон тарихи» дарслигининг 21-мавзусида Хива хонлигида ҳунармандчиликнинг 27 соҳаси мавжуд бўлгани хақида ёзилса, шу дарсликнинг 24-мавзусида мазкур хонликда ҳунармандчиликнинг 50дан ортиқ тури мавжуд, деб маълумот берилган.

8-синф «Жаҳон тарихи» дарслигининг 12-мавзусида Англияда монархиянинг қайта тикланиш даври, деб 1660 йил кўрсатилган бўлса, айнан шу дарслик охирида келтирилган муҳим тарихий саналарда бу давр 1688 йил деб кўрсатилган», - дея қайд этди Йўлдошев.

Парламент таълим сифати, умумтаълим мактаблари дарсликларини тайёрлашнинг бугунги ҳолати юзасидан бир қатор саволлар баён этилган парламент сўровини Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга йўллашни лозим топди.

Мавзуга оид