Жамият | 11:00 / 01.03.2019
11580
6 дақиқада ўқилади

Чиқиндига тўлган «Нурафшон» ёхуд Каттақўрғон шаҳридаги бир маҳалла муаммолари

Каттақўрғон шаҳридаги «Нурафшон» маҳалласи аҳолиси Kun.uz таҳририятига бир неча муаммо юзасидан мурожаат қилди.

Мурожаатда ёзилишича, маҳалла аҳолисини табиий газ йўқлиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, ичимлик суви, маҳаллага яқин жойлашган бозордан чиқаётган чиқиндилар, зовурларга сув тўпланиши каби муаммолар қийнаб келмоқда.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида «Нурафшон» маҳалласида бўлдик ва аҳолининг юқоридаги масалалар бўйича эътирозларини тингладик.

«Маҳалламиздан «Сиплон» ариғи оқиб ўтган. Шу ариққа сув тўплангандан кейин уйларга захи уради. Бетон пойдевор ва деворлар кўчиб тушяпти. Ерлар шўрланганидан томорқамизда ҳеч нарса унмайди. Кўчаларимиз абгор. Электр токи кунига ўн икки соатлаб ўчади. Ичимлик сувини 3-4 километр наридан олиб келамиз. Табиий газ йўқ. Сотиб олинаётган кўмир эса сифатсиз. Маҳалла аҳолиси шундай муаммолардан қийналиб яшамоқда. Қолаверса, маҳалла яқинидаги бозордан чиққан чиқиндилар зовур яқинига тўкилади. Унинг ҳидига чидаб бўлмайди. Ёзнинг иссиқ кунларида чиқиндилар туфайли пашша-ю чивинлардан ҳам озор кўрамиз. Шаҳар марказида жойлашган маҳалладаги аҳволни кўриб турибсиз», – дейди маҳалланинг бир гуруҳ фаоллари биз билан суҳбатда.

Аҳоли эътирозлари асосида ушбу ҳолатларни кўздан кечирдик. Маҳалла яқинидан оқиб ўтган «Сиплон» ариғида қазиш ишлари бошланган бўлса-да, айни вақтда ишлар тўхтаб қолган. Айрим фуқаролар томонидан ариқ кўприклар ва ноқонуний қурилишлар ўзбошимчалик билан қуриб олинган. Бунинг натижасида ариққа сув тўпланиб, уйларга зиён етказмоқда. Бетон фундамент ва деворлар кўчиб тушаётганини кўриш мумкин. Шўрланган ер туфайли ҳақиқатан ҳам томорқага бирор нарса экилмаган.

Ўрганиш жараёнида маҳаллага етиб келган Каттақўрғон шаҳри ҳокимининг қурилиш ишларига масъул ўринбосари Даврон Раҳмонов ва бошқа тегишли ташкилотлар мутасаддиларидан мавжуд муаммолар юзасидан изоҳ сўрадик.

«Кўриб турганингиздек, ушбу ариқни кенгайтириш мақсадида қазиш ишлари бошланган эди. Аммо фуқаролар томонидан ноқонуний равишда қуриб олинган қурилишлар ва кўприклар туфайли тўхтаб қолди. Аҳолига тушунтиришларимиз наф бермаяпти. Энди белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрамиз», – дейди Д.Раҳмонов.

Маҳалла яқинида Каттақўрғон шаҳар «Деҳқон бозори» жойлашган. Унда ҳафтанинг уч кунида бозор бўлади.

Бозордан чиқаётган чиқиндилар «Сиплон» ариғи бўйига тўпланиб, маҳалла ҳудудида хунук қиёфа касб этган.

Ушбу ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси мутасаддиси бозор ичидаги чиқиндилар олиб чиқилаётгани, аммо бозор ташқарисидаги чиқиндиларга жавоб бермаслигини билдирди.

Мазкур масала юзасидан бозор маъмурияти мутасаддилари билан ҳам учрашдик. Ўзини бозор ҳуқуқшуноси деб таништирган масъул шахс бу масалада бор айбни аҳолининг ўзига ағдариб қўяқолди. Унинг айтишича, бу чиқиндиларни аҳолининг ўзлари ташламоқда. Аммо аҳоли бу эътирозларни рад этмоқда.

Электр энергияси таъминотидаги узилишлар юзасидан шаҳар «Электр тармоқлари» корхонаси бошлиғи Баҳодир Рустамов билан телефон орқали боғландик.

«Бу муаммодан хабаримиз бор. Айни вақтда тармоқда техник ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса вақтинча узилишларга сабаб бўлмоқда. Бугун-эрта техник ишлар якунига етади ва бу муаммо бартараф этилади», – дейди Б.Рустамов.

Маҳалла аҳолисини қийнаётган асосий масалалардан бири бу ичимлик сув муаммосидир. Аҳоли 3-4 километр узоқликдан ичимлик сув ташиб, истеъмол қилади. Айримлар хонадонларда тарновига ёмғир сувини тўплаш учун идишлар қўйилган. Аҳолининг таъкидлашича, тўпланган ёмғир сувидан кир ювишда фойдаланади, зарур бўлганда қайнатиб, истеъмол ҳам қилади.

Маҳалладаги ичимлик сув, табиий газ ва йўлларнинг абгорлиги масалалари юзасидан ҳам Каттақўрғон шаҳри ҳокимининг қурилиш ишларига масъул ўринбосари Даврон Раҳмонов изоҳ берди.

«Маҳалла аҳолиси табиий газ тармоғидан бир неча йил аввал узилган. Қайта улашнинг имкони йўқ. Айни вақтда аҳоли суюлтирилган газ баллонлари билан тўлиқ таъминланган. Бу борада муаммо йўқ. Аммо ичимлик суви масаласи ҳақиқатан ҳам оғир вазият. Маҳаллага ичимлик сув тармоғини тортиб келиш қийин. Шунинг учун маҳалла ҳудудидан артезиан қазиш маъқул йўлдир. Шу мақсадда бурғилаш ишларини амалга ошириш зарур. Бу борада бурғилаш техникаси бор тадбиркор билан келишувга эришганмиз. Муаммога шу йўл орқали ижобий ечим қилинади. Маҳалладаги ички йўлларни таъмирлаш юзасидан ҳам тегишли чора-тадбирларни олиб борамиз», – дейди мутасадди.

Ушбу маҳалла шаҳар прокурори секторига бириктирилган экан. Маълумки, секторлар фаолияти ташкил этилгандан сўнг ишчи гуруҳлар томонидан маҳалла ва хонадонларда аҳоли муаммолари ўрганиб чиқилган. Шунча муаммо йиғилиб қолган маҳаллага шаҳар прокурори сектори ишчи гуруҳи келмаганми? Келган бўлса, нега шунча муаммолар йиғилиб қолди ва бу борада бирор ижобий ечим қилинмаган?

Аҳолининг айтишича, ишчи гуруҳлар келади, муаммони ўрганиб, суратларга тушириб, ваъдалар бериб кетишади. Аммо натижадан дарак йўқ.

Ўрганишимиз давомида маҳалладаги мавжуд муаммолар юзасидан масъуллар томонидан ваъдалар берилди. Муҳими, ваъдалар бажарилса бўлгани. Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари «Нурафшон» маҳалласи аҳолисини қийнаётган юқоридаги масалаларга жиддий эътибор қаратишларига ишонч билдирамиз. Акс ҳолда, чиқиндига тўлган «Нурафшон» ўз номига мос ва хос бўлмаган, кишининг таъбини хира қиладиган ҳолатда қолаверади.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради ва бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид