Жамият | 12:21 / 05.03.2019
10190
3 дақиқада ўқилади

Чироқчида иш қизғин. Кўкдалада эртапишар тарвуз етиштирилмоқда

Чироқчи туманида яқиндагина фаолият бошлаган Қашқадарё вилояти тарвуз-қовун етиштирувчилар ассоциацияга Президент совғаси – «Спарк» автомобили топширилган эди.

Ассоциацияда тарвуз экишни хоҳлаганлар учун барча услубий ёрдамлар бериб борилмоқда ва тарвуз-қовун етиштирувчилар учун зарур бўладиган уруғликлар, препаратлар, техникалар ва бошқа воситалар кўргазмаси билан яқиндан танишиш имкониятлари мавжуд.

Туманнинг Кўкдала ҳудудида оқар сув кам. Ястаниб ётган бепоён кенгликлар, унумдор тупроқ эса ўзи улкан хазина. Ҳозирги кунда кўкдалаликлар ана шу ерлардан унумли фойдаланиб, эрта пишувчи тарвуз етиштиришмоқда. Тилими тилни ёрадиган бу полиз маҳсулотининг таъми, мазаси, кўриниши ва сифати жуда юқорилиги билан ажралиб туради. 100-120 метр чуқурликдан сув чиқариб, экин-тикин қилишнинг ўзи бўлмайди. Кўкдалаликлар эса буни уддалашмоқда. Етиштирилаётган тарвуз экологик тоза, соғлиқ учун жуда фойдали. Чунки бу ерда умуман минерал ўғит ишлатилмайди.

Шу жиҳатдан айтиш жоизки, Кўкдаланинг тупроғи, иқлими ва суви тарвуз етиштириш учун жуда қулай. Бундан ташқари, шу ерда тер тўкиб ишлаётган соҳибкорлар меҳнатининг самараси ҳам бу.

Кўкдалада омилкор деҳқонлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Шу боис, бу ҳудуд полиз, мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришда вилоятдагина эмас, мамлакатимизда ҳам муносиб ўринга эга. Айниқса, бу ерларда плёнка остида эртаги тарвуз етиштириш борасида ўзига хос тажриба мавжуд.

Кўкдала аҳолиси эса плёнка остида эртапишар тарвуз етиштиришнинг ҳадисини олган. Бу ҳақда гап кетганда, аввало, Улуғбек Жуманазаровнинг номи тилга олинади. Унинг полиз майдонида бўлиб, одамларнинг гапи ростлигига амин бўлдик. Май ойининг бошидаёқ тарвузлар пишиб етилади. Чертиб, танлаб олаверасиз.

«Қақроқ чўлда деҳқончиликни бошлаганимда, биласизми, «Ажойиб хаёлпараст» деб ҳаракатларимга шубҳа қилганлар ҳам бўлди. Ҳозир-чи? Ўтамайлида тарвуз экмаган одам йўқ. Муҳими, тарвузларимиз экологик тоза, соғлиқ учун жуда фойдали. Биз умуман минерал ўғит ишлатмаймиз. Баъзан ўйлаб қоламан, илгари қишлоғимиз ерлари янтоқзор эди, бугунги манзара эса бутунлай бошқача. Нега деганда, одамлар яратувчанлик кайфияти билан меҳнат қилмоқда. Рўзғорини бутлаб, шинам уйлар қурган ҳолда, тўй бошлашяпти. Саховат ишларига бош қўшишга ҳам қурби етмоқда», - дейди Улуғбек Жуманазаров.

Жорий йилда чироқчиликлар 14 минг гектар майдонда эртапишар тарвуз етиштиради. Аҳоли дастурхонига ва экспорт учун ҳар галгидан эртачи сархил маҳсулот етказиб бериш мақсадида ҳудуд деҳқонлари ушбу мавсумга пухта тайёргарликни бошлаб юборишди. Аллақачон лалми майдонларга плёнка остига тарвуз уруғларини қадашга ҳам киришилган. Баҳорнинг охири ва ёз фаслининг боши билан Чироқчининг миришкорлари 250 минг тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олиш ва истеъмол бозорига чиқаришни мўлжал қилишган.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид