11:20 / 05.03.2019
19608

«МЮ» ва «Боруссия»га мўжиза керак. ЕЧЛда жавоб ўйинлари

Чемпионлар лигасида 1/8 финал финал ўйинлари давом этади. Бу ҳафтада жамоалар жавоб ўйинларини ўтказишади.

Дортмунд ҳалокат ёқасида

Боруссия Д – Тоттенҳэм
5 март. Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк» стадиони. Тошкент вақти билан соат 01:00.
Ҳакам: Маккели (Нидерландия).
Биринчи ўйин – 0:3.

Бир ой муқаддам бундай ибора ўринсиз ҳисобланарди. Бир ой муқаддам дортмундликлар Бундеслигада «Бавария»ни 7 очколик фарқ билан ортда қолдириб, турнир жадвалида пешқадамлик қилаётганди, Чемпионлар лигасида эса чорак финалга чиқиш учун тайёрланаётганди.

Аммо ҳозир «Боруссия»да ишлар чатоқ: ички чемпионатда «Бавария» билан орадаги фарқ йўққа чиқди, ўтган дам олиш кунларида мюнхенликлар йирик ҳисобда ғалаба қозониб шу турда мағлуб бўлган дортмундликларга етиб олишди. Европада ҳам аҳвол ёмон - жавоб ўйинида немислар «Тоттенҳэм» дарвозасини 3 бор ишғол этиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиш талаб этилади.

Лондондаги ўйиндан кейин ОАВ «Боруссия» футболчиларини тинч қўйгани йўқ. Таблоидларда ёзилишича, Витсель ва соч турмакларининг бошқа ихлосмандлари ўйиндан олдин Лондондаги машҳур сартарошларнинг олдига боришган ва ўзларини «чиройли қилиб қўйишни» сўрашган. Ўйинда эса жамоа 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди, клуб бош директори Ханс-Йоахим Ватцке эса аччиқ ҳазил қилди: «Сартарош яхши ўз ишини яхши уддалай олмабди. Лекин мағлубиятимизнинг сабаблари спортга оид».

«Тоттенҳэм»да ҳам ўз муаммолари бор: ўтган 10 кун ичида «шпорлар» АПЛ чемпионлиги учун даъвогардан шунчаки кучли тўртликда қолиш учун курашувчи жамоага айланиб қолди. «Бёрнли» ва «Челси»дан мағлубият, «Арсенал»га қарши ўйинда «иродали дуранг»дан кейин пешқадам билан орадаги фарқ 10 очкога етди. Жамоа ЕЧЛнинг 1/4 финалига чиқиш учун «Боруссия»нинг хатоларини такрорламаслиги талаб этилади.

«Реал» жароҳатларини даволадими?

Реал – Аякс
5 март. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу». Тошкент вақти билан соат 01:00
Ҳакам: Брих (Германия).
Биринчи ўйин  – 2:1.

«Аякс» ва «Реал» ўртасидаги биринчи баҳс кўринишидан ушбу жуфтлик тақдирини ҳал қилгандек эди. Лекин аслида «Реал» бу жуфтликда яққол фаворит эмас.

Биринчи ўйинда катта саҳнага ҳакам ва видеоҳакам чиққанди. Амстердамдаги ўйинда ЕЧЛ тарихида илк бор гол VAR орқали бекор қилинди. Шунингдек, ўша ўйинда Серхио Рамос айёрлик қилиб, сариқ карточка ишлаган ва жавоб ўйинини ўтказиб юбориш орқали чорак финалгача «тозаланиб олиш»ни мақсад қилганди. Аммо УЕФА адолатли қарор қилди, испаниялик футболчи икки ўйинга дисквалификация қилинди.

Ўз сардорисиз «Қироллик клуби» вазифани уддалай оладими? Мадридликларнинг бахтига сафардаги икки гол орқали устунлик яратилган, қолаверса трибунадаги мухлислар Солари шогирдларини қўллаб туришади. Ёки улар ёрдам беришмайдими? Ўтган ҳафтада «Реал» Мадридда уч кун оралиғида икки марта «Барселона»га мағлуб бўлди (0:3, 0:1), биринчи ўйиндан кейин Испания Кубогини тарк этди, иккинчи ўйиндан кейин Испания чемпионатида чемпионлик пойгасини амалда тарк этди ва бу натижалар мухлисларни қаттиқ ранжитди. «Жирона», «Леванте», «Реал Сосьедад», ЦСКА - бу жамоалар ҳам жорий мавсумда «Реал»ни «Сантьяго Бернабеу»да ер тишлатди. Бу жамоалар қаторига «Аякс» ҳам қўшиладими?

Сульшер даҳо бўлиб чиқадими?
«Манчестер Юнайтед» биринчи ўйинда «ПСЖ»га қарши иложсиз қолиб, 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги чалинганидан сўнг барчаси ҳал бўлгандек эди. Аммо ҳозир ҳам «МЮ»нинг имкониятлари чакки эмасдек кўринмоқда. Ўтган уч ҳафта давомида Оле Гуннар Сульшер шогирдлари мардонавор ҳаракат қилишди - «Челси» Англия Кубогидан чиқариб юборилди, мавсум чемпионлиги учун асосий даъвогар «Ливерпуль»га мағлуб бўлинмади ва чемпионат доирасидаги яна икки ўйинда ғалаба қозонилди. Жамоа парижликлар билан ўйиндаги мағлубиятдан кейин инқироз ҳолатига тушиб қолмади.

«Биз Парижга шунчаки таслим бўлиш учун йўл олаётганимиз йўқ. Олдимизда забт этишимиз керак бўлган тоғ мавжуд. Бизда бу вазифани уддалаш учун етарли даражада сифатли футболчилар бор», дея ишонч билан гапирган Сульшер.

Уни жамоа сардори Эшли Янг ҳам қўллаб-қувватлади: «Одамлар ҳисобга қараб бизни ҳисобдан чиқаришлари мумкин. Одамлар мавсум бошида ҳам шундай дейишарди, ҳозир ҳам шундай дейишмоқда. Аммо биз шунчаки майдонга тушиб, голлар уриб, ғалаба қозонишимиз керак».

Агар Янгга ишонадиган бўлсак, вазифа жуда оддий. Агар «МЮ» тезкор гол уролса, вазифа чиндан ҳам осонлашади. Бунга қўшимча сифатида Неймар ҳамон лазаретдалиги, Кавани 90 дақиқа ўйнашга тайёр эмаслигини ҳам қайд этиш мумкин. Биринчи ўйинда «МЮ» устунликларидан фойдалана олмаганди, аммо Парижда яна имкон юзага келиши мумкин.

Ди Франческо учун охирги имкон
«Рома»нинг афсонавий футболчиси, ҳозирда жамоада директор сифатида ишлаётган Франческо Тотти Рим дербисини шундай кайфиятда кузатдики, мураббийнинг тақдири ҳал бўлиб улгурган (дам олиш кунларида «Рома» «Лацио»га 0:3 ҳисобида ютқазди). Албатта, мураббий бўйича охирги гапни «Император» айтмайди, лекин бу мавсумда раҳбарият бунгача ҳам бир неча марта Эусебио Ди Франческони ишдан бўшатиш ҳақида ўйлаб кўрганди. «Фиорентина»дан 1:7 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин ҳам, «Аталанта» билан ўйинда 3та тўп фарқи йўққа чиққанидан кейин ҳам, СПАЛ, «Болонья» ва «Удинезе» каби аутсайдерларга мағлуб бўлинганидан кейин ҳам...

Нурсиз мавсум ўтказаётган «Лацио»дан 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиш - жуда оғриқли. Агар жамоа сафарда «Порту» билан ўйинда керакли натижага эриша олмасдан, ЕЧЛни тарк этадиган бўлса, бош мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилиши аниқ. Жамоа Португалияга ишонч билан йўл олаётгани йўқ - «Порту» Римдаги биринчи ўйин охирида жавоб голини уриб, жавоб ўйини олдидан вазиятни яхшилаганди (1:2). Бу жамоа Чемпионлар лигасининг жорий мавсумида уй учрашувларида фақат ғалаба қозонган. Тўғри, «аждарлар» шанба куни ўз уйида «Бенфика»га ютқазди ва Португалия чемпионатида биринчи ўриндан тушиб кетди. Аммо бу барчаси «Рома»нинг қўлида эканини англатмайди.

1/8 финал. Биринчи ўйинлар

12 февраль, сешанба

«Рома» – «Порту» 2:1

«Манчестер Юнайтед» – «ПСЖ» 0:2

13 февраль, чоршанба

«Тоттенҳэм» – «Боруссия» Д 3:0

«Аякс» – «Реал» 1:2

19 февраль, сешанба

«Лион» – «Барселона» 0:0

«Ливерпуль» – «Бавария» 0:0

20 февраль, чоршанба

«Атлетико» – «Ювентус» 2:0

«Шальке» – «Манчестер Сити» 2:3

Жавоб ўйинлари

5 март, сешанба

«Боруссия» Д – «Тоттенҳэм»

«Реал» – «Аякс»

6 март, чоршанба

«ПСЖ» – «Манчестер Юнайтед» 

«Порту» – «Рома»

12 март, сешанба

«Ювентус» – «Атлетико»

«Манчестер Сити» – «Шальке»

13 март, чоршанба

«Барселона» – «Лион»

«Бавария» – «Ливерпуль»

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top