Спорт | 09:15 / 06.03.2019
9707
2 дақиқада ўқилади

«Реал» ЕЧЛнинг Рамос қатнашмаган кетма-кет тўртинчи ўйинида ютқазди

Фото: REUTERS

«Реал» Чемпионлар лигасининг 1/8 финали жавоб учрашувини Мадридда «Аякс»га қарши ўтказди ва 1:4 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.

«Қироллик клуби» ЕЧЛ доирасидаги аввалги уй ўйинида ҳам ютқазганди. Жамоа декабрь ойида гуруҳ босқичининг якуний турини ўз «Сантьяго Бернабеу»да ЦСКАга қарши ўтказиб, 0:3 ҳисобида имкониятни бой берган. Шу тариқа, «Реал» Чемпионлар лигаси тарихида илк маротаба кетма-кет иккита уй учрашувида мағлубиятга учради.

Шу билан бирга, «қаймоқранглилар» бу мавсумга қадар еврокубоклар доирасидаги уй ўйинида бирор марта йирик ҳисобда (уч ва ундан кўпроқ тўплар фарқи билан) ютқазмаган эди.

Кечаги баҳсда жамоа сардори Серхио Рамос дисквалификация сабаб қатнаша олмади. Натижада «Реал»нинг ЕЧЛда Рамос иштирок этмаган ўйинлардаги мағлубиятлар серияси 4та ўйинга етди. Ўтган мавсумда клуб Рамоснинг ёрдамисиз «Ювентус»га ютқазган (1:3), бу мавсум эса ЦСКАга икки марта енгилиб (0:1, 0:3), «Аякс»дан мағлуб бўлди.

Мавзуга оид