Спорт | 20:10 / 10.03.2019
13387
3 дақиқада ўқилади

Суперлига. «Сўғдиёна» «Бунёдкор»ни енгди. Жиззахликлар биринчи ўринда

Жиззахда Суперлига 1-турининг «Сўғдиёна» ҳамда «Бунёдкор» клублари ўртасидаги ўйини якунланди. Ниҳоят 1-турда бирор жамоа ғалаба қозонди.

Ўтган мавсум Суперлигада зўрға «жон сақлаб қолган» «Сўғдиёна» янги мавсумни ғалаба билан бошлади. 23-дақиқада жиззахликлар клуби Достон Тошматовнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. 63-дақиқада «Бунёдкор» сафида захирадан майдонга тушган Санжар Қодирқулов мувозанатни тиклади.

Бироқ 90-дақиқада «қалдирғочлар» ҳимояда хатога йўл қўйишди ва бу хатодан фойдаланган Санжар Рашидов тўпни олиб қўйиб, қулайроқ вазиятда турган шеригига узатди. Дарвозабон билан яккама-якка чиқиб борган Ойбек Нурматов эса имкониятни кўкка совурмади ва «Сўғдиёна»га ғалаба келтирди.

Бунгача Суперлиганинг 5 ўйинида ҳам дуранг қайд этилганди: «Қизилқум» – «Андижон» (1:1), «Динамо» – «Насаф» (1:1), ОКМК – «Бухоро» (0:0), «Сурхон» – «Металлург» (1:1) ҳамда «Навбаҳор» – «Қўқон-1912» (1:1) ўйинларида ҳам ғолиб аниқланмаганди.

1-турда ҳозирча фақат «Сўғдиёна» ғалаба қозонди ва жиззахликлар биринчи ўринга чиқиб олишди. 1-турни «Пахтакор» ҳамда «Локомотив» жамоалари ўртасидаги ўйин якунлаб беради.

Суперлига-2019
1-тур
«Сўғдиёна» – «Бунёдкор» 2:1

Голлар: Достон Тошматов (23), Ойбек Нурматов (90) – Санжар Қодирқулов (63).
Сўғдиёна: Милан Митрович, Искандар Шойқулов, Элёр Орифов, Кахи Махарадзе, Нуриддин Ҳасанов, Санжар Рашидов, Сирож Мелиев, Шоҳруз Норхонов (Иззат Абдуллаев, 72), Достон Тошматов (Ойбек Нурматов, 69), Муҳаммадали Йўлдошев, Шаҳбоз Жўрабеков.
Бунёдкор: Мурод Зуҳуров, Ислом Қобилов, Сергей Прохоров, Дилшод Аҳмадалиев, Жасур Жалолиддинов, Хуршид Ғиёсов, Жавоҳир Қаҳрамонов (Санжар Қодирқулов, 62), Миржаҳон Мираҳмадов, Нурилло Тўхтасинов, Улуғбек Абдуллаев, Абдулла Абдуллаев.

Турнир жадвалидаги ҳолат

Мавзуга оид