21:09 / 12.03.2019
4370

Тошкент халқаро аэропортида ахборот-туризм маркази очилди

Тошкент халқаро аэропортининг ўтган йил июль ойида фойдаланишга топширилган янги терминалида ахборот-туризм маркази очилди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан ишга туширилган ахборот-туризм марказида сайёҳларга Ўзбекистон тўғрисида зарур маълумотлар тақдим этилади.

«Сайёҳларга хизмат кўрсатиш маркази» ДУК қошидаги ахборот-туризм маркази ходимлари такси, меҳмонхона, ётоқхона ва бошқа яшаш ерларини брон қилишга, ўша ернинг ўзида сим-карталар харид қилиб, мобил алоқага уланишга, трансфер ҳамда Тошкент бўйлаб экскурсия амалга ошириш учун авто транспорт билан таъминлашга ёрдам беришади.

Халқаро аэропортнинг қўниш залида транзит билан ташриф буюрган хорижлик фуқаролар учун зарурияти бўлганида Тошкент шаҳри ва Республика бўйлаб экскурcион турлар ташкил этилади.
Шу мақсадда жорий йилда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Тошкент шаҳридаги халқаро аэропорт автотураргоҳида транспорт хизматларини кўрсатишга мўлжалланган маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчиларнинг янги шинам автомобиллари харид қилинди.

Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларидаги аэропортларда ҳам яқин вақт ичида шу каби ахборот-туризм марказларини ташкил этиш режалаштирилмоқда», дея Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Касимходжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Улуғбек Касимходжаев

Маълумот учун, Тошкент халқаро аэропортининг ушбу терминали бир соат ичида 1200 нафаргача йўловчига хизмат кўрсата олиши мумкин.

Top