Жамият | 15:57 / 22.09.2025
9638
2 дақиқада ўқилади

iPhone 17’га “ов” бошланди: Тошкент халқаро аэропортида 9 та смартфон тўхтатиб қолинди

Тақдим қилинганидан 13 кун, расмий сотуви бошланганидан эса 3 кун ўтиб, Тошкент халқаро аэропортида ноқонуний тарзда iPhone 17 олиб киришга уриниш бўлди: “Доҳа–Тошкент” йўналиши бўйлаб учиб келган фуқаро юклари орасидан 9 та смартфон топилди. iPhone’лар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Тошкент халқаро аэропортида 9 дона iPhone 17 смартфони ноқонуний олиб ўтилиши фош этилди. Бу ҳақда “Toshkent-AERO” ихтисослаштирилган божхона комплекси хабар берди.

Маълум қилинишича, комплекснинг контрабандага қарши курашиш шуъбаси ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропорти умумий учиб келиш залида тезкор тадбир ўтказилган. Унда “Доҳа–Тошкент” йўналиши бўйлаб учиб келган ҳамда божхона назорати зонасининг “яшил” йўлаги орқали ҳаракатланган Ўзбекистон фуқароси тўхтатилиб, ўзи ва юклари кўздан кечирилган.

Жараёнда фуқаро юклари орасидан божхона назоратига тегишли тартибда тақдим этилмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган 9 дона iPhone 17 топилган. Уларнинг дастлабки тахминий қиймати 230 млн сўм деб баҳоланган. Смартфонлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган.

Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, божхона суриштирув жараёнлари олиб борилаётгани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Apple 9 сентябр куни янги iPhone 17 смартфонларини тақдим этганди. 19 сентябрдан сотувга чиққан iPhone 17 Pro нархи 1099 доллардан, iPhone 17 Pro Max эса 1199 доллардан бошланади.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид