Ўзбекистон | 10:22 / 28.10.2025
4296
5 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида янгиланган учиб келиш зали очилди

Фото: Uzbekistan Airports

Тошкент халқаро аэропортида реконструкция ишларининг яна бир босқичи якунланди: янгиланган учиб келиш зали, очиқ терасса ва жўнаш терминалидаги янги VIP зали таъмирлаб битказилди. Тез кунларда мазкур ҳудудда бир нечта озиқ-овқат ва ичимликлар дўконлари, жумладан, қаҳвахоналар, алкоголсиз ичимликлар барлари, музқаймоқ ва гул дўконлари очилиши режалаштирилган. Барчамизга маълумки, авваллари учиб келиш залига кутиб олувчилар деярли киритилмасди.

Агарки учиб келаётган йўловчимиз қария бўлса ёки ёш бола бўлса, уларни кутиб олиш учун истисно тариқасида, барча ҳужжатларини тақдим этган ҳолда бир шахс киритилган бўлган. Ўз ўрнида олдинги кутиб олувчиларимиз ташқарида, турли хил ёғингарчилик асоратида қолиб кетишганини инобатга олган ҳолда, ҳозирда мана, залнинг ичида, совуқ кунларда иссиққина, иссиқ кунларда муздеккина, бемалол хотиржам кутиб олиш имкониятига эга бўлишди”, дейди Тошкент халқаро аэропорти директори Жасур Пўлатов.

Жасур Пўлатовга кўра авваллари эски аэровокзал ҳудудидан чиқиб келиш жуда ҳам тор ва зинапоялардан иборат эди, шу сабабли ҳам йўловчиларга бироз ноқулайлик туғдирган бўлиши мумкин.

Ҳозирги кунда мана, кўриб турибсизлар, арава учун алоҳида эстакада яратдик, мана бу эстакададан бемалол тушиб келишади. Енгил юк билан бўлган йўловчилар эса зинапоядан ва худди шундай имконияти чегараланган йўловчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, биз эскалаторни ҳам ўрнатиб қўйдик. Бу орқали имконияти чегараланган йўловчиларга имконият яратилди”.

Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш зали биноси олди 2200 квадрат метрга кенгайтирилди. Бунинг натижасида ушбу ҳудудда бир вақтнинг ўзида 347 та автомобилни жойлаштирса бўладиган янги автотураргоҳ ҳам барпо этилган. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида 200 ўриндиққа эга бўлган кутиб олувчилар ҳудуди майдони бугунги кунда деярли 5000 квадрат метрга кенгайтирилди. Хўш, аэропортда яратилган ушбу қулайликларга юртдошларимизнинг муносабати қандай? “Жудаям гўзал, келганда баҳри-дилинг яйрайди. Биз ўзимиз Қозоғистондан келиб ўтирибмиз, ҳозир онамни кутиб оляпмиз. Жудаям чиройли, ҳамма жойи тоза”, дейди Умида Қодирқулова.

Авваллари учиб келувчи йўловчилар юкларини ўз навбатида ололмаганига эътирозлар қилгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда ушбу муаммолар ҳам бартараф этилмоқда.

Бизда, албатта, инфраструктура жиҳатидан олиб қарайдиган бўлсак, самолёт саҳнидан тушгандан кейин йўловчи учиб келиш залига узоғи билан 12 минутда етиб келади. Халқаро катта аэропортларга эътибор берадиган бўлсак, йўловчи ҳаво саҳнидан учиб келиш ҳудудигача, яъни юкларини олиш жойигача энг камида 20-25 минут кетади. Бу вақт орасида бошқа халқаро аэропортлар багажни тезда ҳаво саҳнидан олиб келиб, тезда ленталарга жойлаштириб, эгаларига беришни йўлга қўйишган. Бизда вақт оралиғи қисқа бўлгани сабабли, биз ечимга киришишни бошладик. Бугунги кунда умумий залимизда эътибор берган бўлсангиз, эски пайтда бор-йўғи 4 дона лентамиз бўлган. Унда умумий олганимизда 8 тагача рейсни қабул қилиш имконияти бўлган. Ҳозирги кунда залимизнинг кенгайиши, ҳудудларимиз янада очилиши сабабли қўшимча бешинчи лентани ўрнатдик. Бу ҳам қўшимча 2 та парвозга хизмат кўрсатиш қобилиятига эга”, дейди аэропорт директори Жасур Пўлатов.

Бундан ташқари аэропортнинг 2-қаватида ажойиб манзарага эга бўлган терасса ҳам ташкил этилди. Эндиликда у ерда учиб кетувчилар ва уларнинг яқинлар вақтлари мароқли ўтказишлари мумкин. Маълумот учун, бугунги кунда Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш биноси 1 сутка мобайнида 20-22 минг йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Қурилиш тугаллангандан сўнг терминалнинг умумий майдони16 000 квадрат метрдан ошади ва унинг ўтказиш қобилияти соатига 2400 йўловчига етади. Таъмирлаш ишлари доирасида VIP жўнаш зали ҳам кенгайтирилди. Мавжуд 1100 квадрат метрлик залга 300 квадрат метр қўшилди. Бу залнинг ички қисмини визуал равишда кенгайтиради ва ўриндиқлар сонини кўпайтиради.

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид