Жаҳон | 10:51 / 13.03.2019
11067
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Boeing 737 MAX парвозлари тўхтатилди

Фото: LiveJournal

2019 йил 13 мартдан бошлаб Қозоғистонда SCAT авиакомпаниясининг Boeing 737 MAX самолётидан фойдаланиш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Tengrinews Қозоғистон Республикаси фуқаролик авиацияси қўмитасига асосан хабар бермоқда.
 
Таъкидланишича, бундай турдаги фақат битта ҳаво кемаси Қозоғистондаги реестрда рўйхатдан ўтказилган.

Ўз навбатида, Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти - ICAO бундай хатти-ҳаракатни ҳукумат ҳуқуқи, деб атаган.
 
«ICAO ҳозирда мавжуд бўлган чекланган маълумотлар шароитида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун 737 Max 8’дан фойдаланиш бўйича шошилинч чоралар кўриш ҳукуматнинг ҳуқуқи эканини тан олади», - дея маълум қилди ташкилот вакили Энтони Филбин РИА Новости’га.

Унинг сўзларига кўра, Эфиопиядаги «авиаҳалокат ҳақида якуний ҳисобот эълон қилиниши билан ICAO ҳалокатнинг расмий сабабларини таҳлил қилади ҳамда тавсияларни кўриб чиқади». Шу билан бирга, ICAO’дан таъкидланишича, парвозларни тақиқлаш ёки чеклаш ҳақидаги қарор алоҳида мамлакатлар томонидан мустақил қабул қилинади ва ташкилотнинг ваколатига кирмайди.

Бундан олдин, АҚШ Boeing 737 MAX 8 парвозларини тақиқламасликка қарор қилганди.

Мавзуга оид