Спорт | 09:22 / 18.03.2019
13644
2 дақиқада ўқилади

Месси «Барселона»да янги рекорд муаллифига айланди

Фото: EPA-EFE/RAUL CARO

«Барселона» етакчиси Лионель Месси клуб сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчилар рўйхатида иккинчи ўринга кўтарилди. Бу ҳақда «кўк-анорранглилар» матбуот хизмати хабар бермоқда.

Кеча Ла Лига доирасидаги «Бетис»га қарши кечган баҳс (4:1) Месси учун «Барса» либосида барча мусобақалар доирасидаги 674-ўйин бўлди. Натижада у гвардиячилар рўйхатида Андрес Иньестага етиб олди. Фақатгина Хави ҳисобида 767та учрашув бўлгани ҳолда иккала футболчидан олдинда бормоқда.

Шу билан бирга, кеча Месси ғалабали ўйинлар сони бўйича Хавини ортда қолдиришга муваффақ бўлди. Каталонияликлар унинг иштирокидаги 477та учрашувда ғалаба қозонишган, Хавида эса бу кўрсаткич 476тани ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Лео Севильядаги ўйиндаги бу натижаларини ҳет-трик билан нишонлади, яна бир голга Луис Суарес муаллиф бўлди.

Маълумот учун, аргентиналик футболчи куни кеча клубининг Чемпионлар лигасидаги гвардиячилари рўйхатида ҳам 2-ўринга чиқиб олган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид