21:39 / 18.03.2019
12894

Яширинча валюта олиб чиқишга уриниш фош этилди

Тошкент халқаро аэропорти чегара божхона пости  ходимлари нақд хорижий валюталарини юртимиздан яширинча олиб чиқишга уринишни ўз вақтида фош этишди.

Жумладан, “Тошкент-Москва” йўналиши бўйича сафарга отланган фуқаро Л.О. белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Натижада, фуқаро эгнидаги кийимлари орасидан божхона декларациясида кўрсатилган суммадан ташқари, оғзаки сўровда маълум қилинмаган 3000 АҚШ доллари нақд хорижий валютаси борлиги аниқланди.

Шунингдек, мазкур йўналишдаги рейс билан учиб кетаётган яна бир фуқаро Т.С. белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилар экан, унинг юклари орасида декларацияда кўрсатилган суммадан ташқари, 3600 АҚШ долларини яширинча олиб ўтаётгани фош этилди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, амалдаги тартибларга кўра Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тегишли рухсатномаси талаб этилади.

Норезидентлар, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан нақд хорижий валюталарни олиб чиқиш улар томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади. Яъни, киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган нақд хорижий валюта суммасидан ортиқча бўлмаган миқдордаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишга рухсат этилади.

Top