Ўзбекистон | 09:37 / 19.03.2019
2909
2 дақиқада ўқилади

Вашингтонда Ўзбекистон-АҚШ бизнес форуми ўтказилади

Фото: U.S. Department of State

Вашингтон шаҳрида АҚШ бизнес ҳамжамияти вакиллари учун брифинг бўлиб ўтди. Унда компаниялар, ноҳукумат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, АҚШ Савдо вазирлиги, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки ходимлари иштирок этди.

ТИВ хабарига кўра, тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм, шунингдек, таниқли мутахассислар Фредерик Старр, Сванте Корнелл ва Мамука Сирателли нутқ сўзладилар.

АҚШ ишбилармон доиралари вакилларида Мамука Сирателлининг Ўзбекистонда иқтисодий соҳадаги ислоҳотларга бағишланган нутқи алоҳида қизиқиш уйғотди. Мутахассис АҚШ компанияларига мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди. У республикада сўнги йилларда тижорат банкларининг халқаро молия институтлари билан ҳамкорлиги сезиларли кенгайгани; мамлакатда Жаҳон савдо ташкилотига киришга қаратилган ислоҳотлар; хорижий инвесторлар билан фаол ҳамкорликни кенгайтириш орқали ишсизлик даражасини пасайтириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар каби ижобий омилларни Ўзбекистон бозорига киришни истаган компаниялар инобатга олиши зарурлигини қайд этди.

Брифинг якунида АЎСП раиси Каролин Лемм билан жорий йилнинг октябрь ойида Вашингтон шаҳрида қишлоқ хўжалиги, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, юқори технологиялар, тиббиёт, транспорт ва бошқа соҳалардаги етакчи АҚШ компаниялар иштирокида Ўзбекистон-АҚШ бизнес форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Профессор Фредерик Старр билан АҚШда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва ўзгаришларга бағишланган брифингларни ташкил этиш амалиётини давом эттириш, хусусан, бундай тадбирлардан бирини АҚШ Конгресси аъзолари учун Капитолий тепалигида ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.

АҚШ Савдо вазирлиги вакиллари билан суҳбатда июнь ойида Ўзбекистонга АҚШ компанияларининг савдо миссиясини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид