Спорт | 15:10 / 23.03.2019
48211
4 дақиқада ўқилади

Ғофур Раҳимов бокс, сиёсат, ёлғон ва уюштирилган айбловлар ҳақида

22 март куни Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти Ғофур Раҳимов истеъфога чиқишини маълум қилди. Унинг аризаси AIBA’нинг расмий сайтида эълон қилинди.

«Сўнгги 25 йил ичида ўзимни бокс ва олимпия ҳаракатига бағишлаб, спортнинг ва спортчиларимизнинг равнақ топишини ҳамма нарсадан устун қўйиб келганман. Бу айниқса ўтган йили жуда билинди — биз спортимиз ўзининг ёмон ўтмишини тарк этиб, аввалгидан кучли ва соғлом бўлиши учун саноқсиз кунлар ва тунларни сарфладик», — деган Раҳимов.

Ғофур Раҳимовнинг фикрича, ўтган йили амалга оширилган ишлар AIBA ва боксни жонлантирган ва куч-қувват билан тўлдирган.

«Бироқ шунча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, сўнгги ойларда олимпия боксининг келажагига доир жуда кўп тортишувлар бўлиб ўтди. Бу тортишувларнинг кўпи спортга эмас, сиёсатга тааллуқли эди. Гарчи мен спорт ва сиёсат айри-айри масалалар эканлигига, AIBA томонидан жорий этилаётган яхши ишлар ва ижобий ўзгаришлар тан олинишига сидқидилдан умид қилган ва ишонган бўлсам-да, бироқ сиёсий мунозаралар бу тараққиётни шубҳа остига тушириб қўйди. Аввал бир неча бор такрорлаганимдек, яна таъкидлаб ўтмоқчиман, менга қарши илгари сурилган айбловлар сохталаштириб тўқилган ва сиёсий мотивга эга ёлғонларга асосланган. Мен ҳақиқат қарор топишига ишонаман. Нима бўлганда ҳам, мен доимо ўзимни боксдан юқори қўймайман, деб келганман ва президент сифатида спортимиз ва спортчиларимизга хизмат қилиш учун қўлимдан келган барча ишларни амалга оширишга мажбурман», — деб таъкидлаган у.

Ғофур Раҳимов AIBA Ижроия қўмитасини AIBA президентлиги лавозимидан кетиши ҳақида огоҳлантирганини айтиб ўтган. Унинг қайд этишича, ташкилот низоми президентга ўз ваколатларидан воз кечиш имконини беради.

«Мен AIBA Ижроия қўмитаси аъзоларини президентга ўз ваколатларини амалга оширишдан воз кечиш ва вазифани вақтинча бажарувчига топширишга изн берадиган AIBA низоми ва қонуности ҳужжатларига мувофиқ равишда AIBA президентлиги лавозимидан кетиш режам ҳақида хабардор қилдим. Мен шу дам олиш кунлари мазкур масалани муҳокама қилиш ва президент вазифасини бажарувчини сайлаш жараёнини бошлаш учун Ижроия қўмита аъзоларини телеконференцияга йиғдим», — дея қайд этган Ғофур Раҳимов.

Унинг мухтасар қилишича, ўтган йили амалга оширилган яхши ташаббуслар келажакда бокснинг янада мустаҳкамланиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)нинг ўз номзодини илгари сурмаслик тўғрисидаги илтимосга қарамасдан, Ғофур Раҳимов 2018 йилнинг ноябрида AIBA раҳбари этиб сайланган. Чунки бу ҳол МОҚнинг боксни Олимпия ўйинлари дастурида қолдириш қарорига ўз таъсирини ўтказиши мумкин эди. Бу ҳолда АҚШ Молия вазирлигининг хорижий активлар устидан назорат департаменти Ғофур Раҳимовни Ўзбекистоннинг «бош жиноятчилари»дан бири сифатида санкция рўйхатига қўшган. Шунингдек, АҚШ Молия вазирлиги Раҳимовни Америка долларида ҳар қандай операцияни амалга ошириш имкониятидан мосуво этган.

Мавзуга оид