Жаҳон | 22:11 / 25.03.2019
9678
1 дақиқада ўқилади

British Airways’нинг Дюссельдорфга учган самолёти бошқа шаҳарга бориб қолди

British Airways авиакомпаниясининг Лондондан Германиянинг Дюссельдорф шаҳрига учган самолёти хатолик туфайли Шотландия пойтахти Эдинбургда қўнган. Бу ҳақда компания вакиллари хабар беришган. 

Йўловчилар хатоликка йўл қўйилганини учувчи “Эдинбургга хуш келибсиз” дегандагина билишган.

Маълумотларга кўра, бу хатолик парвоз ҳужжатларининг нотўғри расмийлаштирилиши сабабли юз берган. Ҳужжатларда якуний манзил сифатида шотланд шаҳри кўрсатилган. Учувчи бу қандай юз бергани борасида умуман тушунчага эгамаслигини айтган. Унинг таъкидлашича, аввал бундай ҳодиса юз бермаган.

“Биз мижозлардан бундай қоидабузарлик учун узр сўраймиз ва уларнинг ҳар бири билан шахсан боғланамиз”, дейилган компания баёнотида. 

Самолёт ёнилғи билан тўлдирилгач, Дюссельдорфга жўнатилган ва у ерда "ҳеч қандай саргузаштларсиз" қўна олган.

Мавзуга оид