Ўзбекистон | 10:01 / 26.03.2019
1536
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Италия ўртасида маданий ҳамкорлик дастури имзоланди 

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов Италия Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Андреа Бертоцци билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, суҳбат чоғида икки томонлама ва «Ўзбекистон - Европа иттифоқи» шаклидаги Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

Хусусан, савдо масалалари, иқтисод ва саноат соҳасида ҳамкорлик, экспорт кредитлари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисини саккиз йиллик танаффусдан кейин ўтказиш таклифи муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг охирига қадар қабул қилиниши режалаштирилган Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги Стратегияси лойиҳаси юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томони ЕИ билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.

Учрашув сўнгида ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва элчи Андреа Бертоцци томонидан 2019-2021 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро Маданий ҳамкорлик дастури имзоланди. Ушбу ҳужжат таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, талабалар ва илмий тадқиқотчилар томонидан грантлар олиш танловларида иштирок этишга ўзаро рухсат берилиши, шунингдек, туризм, маданият ва санъат, спорт, археология, маданий мерос объектларини реставрация қилиш, сақлаш ва муҳофаза қилиш соҳасида мунтазам алмашинувлар амалга ошириш, архивлар, кутубхоналар ва нашриётлар ўртасида алоқалар ўрнатишни назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид