Жаҳон | 11:30 / 27.03.2019
18853
3 дақиқада ўқилади

Жазоир армияси генерали президентдан истеъфо талаб қилди

Жазоир Қуролли кучлари бош штаби раҳбари мамлакат президенти Абдулазиз Бутефликадан ўз мажбуриятларини бажаришга лаёқатсизлигини эълон қилишни талаб этди.

«Биз бу инқироздан дарҳол чиқишимиз керак, аммо барчаси конституция доирасида амалга ошади», деган генерал-лейтенант Аҳмад Гаед Салоҳ телевидение орқали чиқишида.

Жазоирда бир неча ҳафтадан буён фуқаролар амалдаги президент алмашишини талаб қилиб намойишлар ўтказишмоқда.

Президент Бутефлика муддати кечиктирилган навбатдаги президентлик сайловларида бешинчи бор ўз номзодини қўймасликка ваъда қилганди.

Аммо намойишчилар у ҳокимиятни топширишига ишонишмаяпти.

Намойишчилар ҳозирги ҳукумат таркибидаги коррупцион амалдорлар ҳам кетишини талаб қилмоқда
EPA

Намойишлар бир ойча муқаддам, 82 ёшли президент навбатдаги сайловларга ҳам номзодини қўймоқчилигини маълум қилганидан кейин бошланганди.

Давлат телевидениесидаги чиқишида бош штаб бошлиғи ва Мудофаа вазири ўринбосари ҳисобланадиган Салоҳ мамлакатда сиёсий барқарорлик сақлаб қолинишининг ягона кафолати конституция эканини таъкидлаб ўтган.

У Конституциянинг 102-моддасини қўллашни таклиф қилган, бу модда агар давлат раҳбари ўз лавозимига лаёқатсизлигини билдирса, мамлакат конституцион кенгашига президентлик лавозими бўш қолганини эълон қилишга имкон беради.

Президент Бутефлика 2013 йилда инсультни бошдан кечирган ва кейинги 6 йил давомида омма олдида жуда кам кўриниш берган.

Президент Абдeлазиз Бутефлика давлатни 1999 йилдан буён бошқармоқда
AFP/GETTY

Абдулазиз Бутефлика Жазоир жамиятининг юқори ҳарбий табақасига мансубдир. У Францияга қарши мустақиллик уруши фахрийси ҳисобланади, уруш вақтида у халқ орасида катта обрў қозонган.

Бутефлика 1990-йилларда фуқаролик урушидан кейин ҳокимият тепасига келган, унга ўша вақтларда мамлакатни бирлаштирувчи сифатида қарашган.

У 2011 йилги араб баҳори воқеаларидан кейин ҳам ҳокимият тепасида қолишга муваффақ бўлди ва ўзи бошқарувдаги режимнинг мустаҳкамлигини сақлаб қолди. Аммо кейинги йилларда соғлиги билан боғлиқ воқеалар туфайли унинг позицияси анча кучсизланган.

Кейинги йилларда у халқ қаршисига чиқмай қўйди. Аксар ҳолларда унинг нутқи ёрдамчилари томонидан ўқиб эшиттирилади. Унинг навбатдаги сайловда қатнашиш тўғрисидаги баёноти ҳам давлат телевидениесида сухандон томонидан ўқиб берилганди.

Мавзуга оид