Жамият | 16:19 / 28.03.2019
12357
4 дақиқада ўқилади

“Юрмаслигига ҳам кўникдим, аммо...”. Она фарзанди учун аччиқ ёшлар тўкмоқда

Таҳририятимизга хайрия акцияси уюштиришимизни сўраб келган навбатдаги оила Хоразмнинг Хива шаҳридан ташриф буюрган. 7 ёшли Отаназаров Умрбек айни ўйнаб куладиган, югуриб мактабга борадиган пайтида аравачада ёки отасининг елкасида опичиб ҳаракатланмоқда. Оила боланинг юра олмаслигини билиб, тақдирга тан беришган. Аммо уларни яна бир муаммо қийнаб келмоқда.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

– Фарзандимиз чақалоқлигиданоқ орқа мия чуррасидан азоб чекиб келади. Шифокорларимизга раҳмат, бир марта жуда мураккаб операция ўтказиб, ҳаётини сақлаб қолишди. Лекин ҳозир яна бир синов қаршисида турибмиз. Операция учун 80 млн сўм атрофида маблағ керак экан... Ўзимиз нотурар жойда яшаймиз, ўғлимнинг келажаги мени ўйлантириб қўйди. Ҳозирча амаллаб кўтаряпман, лекин юрмаса ҳам ўсиб, вазни ортиб бораяпти. Доим ҳам кўтара олмайманми деб қўрқаман-, дейди эзилиб отаси Ғаппоров Ҳасанбой.

Онаси Садоқат Ибодуллаеванинг кўзда ёш билан айтган сўзлари ҳар қандай кишининг қалбини титратади:

– Ўғлимиз Умрбек эмаклаб ҳаракатланади. Бу ҳам бир синов экан-да. Унинг юра олмаслигига ҳам кўникдим, аммо орқа мия чуррасининг асоратлари ҳам кўп экан. Болам ҳожатга чиқишини айта олмайди, ҳозиргача “памперс”да олиб юрамиз. Юрмаса ҳам ўсиб бормоқда, кунига бир неча марта ювиб алмаштириш керак. Ҳамиша “памперс” боғлаб қўйганимиз учун аъзолари яра бўлиб кетади, ёзилишга қийналиб йиғлайди...

Ҳозир кўп босқичли операциялар ўтказишимиз керак – урологик, нейрохирургик...

Нейрохирурглар чуррани операция қилиб, асаб толаларини бўшатиб, ҳожатга мустақил чиқиши мумкинлигини айтишганидан буён шунинг ҳаракатидамиз. Лекин операция жуда мураккаб ва қиммат экан. Саховатли юртдошларимиздан ёрдам сўрар эканмиз, ҳеч кимнинг фарзанди касал бўлмасин дейман. Болам соғайиб кетса, бутун оиламиз билан дуо қиламиз. Насиб қилса, фарзандларимни мен ҳам қўли очиқ, муҳтожларга ёрдам берувчи сахий инсонлар қилиб тарбиялайман...

Азиз саховатпеша юртдошлар!

Сиз жуда кўпчиликсиз, озгина ёрдамингиз, моддий ёки маънавий қўллаб қувватлашингиз бир оиланинг улкан муаммоси ечилишига сабаб бўлиши мумкин. Шу пайтга қадар ҳам кўплаб инсонларнинг дардига малҳам бўлдингиз ва бўлмоқдасиз. Ишонамизки бу сафар ҳам савобли ишдан четда қолмайсиз.

Онаси Садоқат Ибодуллаева номига очилган пластик карточка:

Click/PayMe: 8600 0417 2665 2598 (Агробанк)

МФО: 00394

ИНН: 201200124

Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда: 23118000400000394500

Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 23120000900000394001

Телефон рақами: +998 (91) 275-52-75, +998 (90) 433-39-49


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид