22:02 / 31.03.2019
8360

Қиролича Елизавета II умумий йўлларда машина ҳайдамасликка рози бўлди

Буюк Британия қироличаси Елизавета II умумий фойдаланиш йўлларида бошқа машина  ҳайдамайдиган бўлди. Қиролича бундай қарорни турмуш ўртоғи билан икки ой аввал юз берган йўл-транспорт ҳодисасидан кейин қабул қилди.

Қироличани бундай қарорга келишга унинг хавфсизлик хизмати кўндира олган. Энди умумий йўлларда қироличани ҳайдовчи олиб юради. 

93 ёшли Елизавета II Британияда ҳайдовчилик гувоҳномасисиз машина ҳайдаш ҳуқуқи берилган ягона инсон ҳисобланади. Қиролича бу имконият эвазига Jaguar, Land Rover ва Range Rover каби машиналарни бошқарган.

Қироличанинг турмуш ўртоғи, 97 ёшли шаҳзода Филипп январь ойида хавфсизлик камарини боғламаган ҳолда йўл-транспорт ҳодисасига учраганди. Шаҳзодага жабр етмаган, бироқ у полициядан олинган огоҳлантиришдан кейин ўз ҳайдовчилик гувоҳномасини кўнгилли тарзда топшириб юборишга рози бўлган.

Британия матбуотининг маълум қилишича, Елизавета II’нинг машина ҳайдаш услуби бир сафар Саудия Арабистони подшоҳи Абдуллоҳни ҳайратга солган. Қиролича подшоҳга машинада сайр қилишни таклиф қилиб, рулга ўзи ўтирган. Буюк Британиянинг Ар-Риёддаги собиқ элчиси Шерард Коупер-Коулснинг таъкидлашича, Саудия подшоҳи бу сайр вақтида қироличанинг машина ҳайдашидан қўрқувга тушиб, мунтазам равишда ундан секинроқ юришни ва йўлга эътиборлироқ бўлишни сўраган.

Top