Технология | 12:03 / 31.10.2025
3531
2 дақиқада ўқилади

Toyota янги IMV Origin моделини тақдим этди: бу машинани ҳар ким ўзи йиғади

Япониянинг Toyota компанияси Japan Mobility Show 2025 кўргазмасида ноодатий автомобилни тақдим этди. Янги модел IMV Origin деб номланади ва у оддий машинaдан фарқли равишда йиғма конструктор тарзида ишлаб чиқилган.

IMV Origin заводда фақат 70 фоизгача тайёрланади. Қолган қисмини эса харидор ўзи тўлдиради: хоҳласа пикап, хоҳласа кичик фургон ёки ҳатто микроавтобусга айлантиради. Toyota бундай ғоя орқали ҳар бир фойдаланувчига ўз эҳтиёжига мос машинани яратиш имконини бермоқчи.

Машина оддий ва очиқ дизайнга эга — битта ўриндиқли кабина, эшик ва ойналарсиз, орқа томони эса ясси платформа бўлиб, турли юклар ёки мосламаларни жойлаштириш учун мўлжалланган.

Toyota бу моделни Африканинг узоқ ва нотекис ҳудудлари учун ишлаб чиқмоқда. Чунки бу жойларда йўллар ёмон, эҳтиёт қисмлар топиш қийин ва электр заряд станциялари деярли йўқ. Шу сабабли IMV Origin бензин ёки дизел двигател билан чиқиши кутилмоқда.

Toyota бундан аввал Woven City лойиҳасини ҳам тақдим этган эди — бу сунъий интеллект ва роботлар бошқарадиган “ақлли шаҳар”. Энди эса IMV Origin орқали компания келажак технологиясини оддий одамлар ҳаётига яқинлаштирмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид