Спорт | 22:30 / 31.03.2019
13400
2 дақиқада ўқилади

«Тоттенҳэм» «Ливерпуль»ни биринчи ўринга қайтарди

Англия чемпионатининг 32-туридаги марказий учрашувда «Ливерпуль» «Тоттенҳэм Ҳотспур»ни қабул қилди. Ливерпулдаги «Энфилд» стадионида кечган учрашув майдон эгаларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйинда ҳисоб 16-дақиқадаёқ очилди, Эндрю Робертсоннинг қанотдан юқорилатиб узатган тўпини Роберто Фирмино боши билан рақиб дарвозасига жойлади. Иккинчи бўлим ўрталарида меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришга эришишди, Лукас Моура Кристиан Эриксеннинг пасини голга айлантирди. 

Ўйиндаги ҳал қилувчи гол 90-дақиқада урилди. Лондонликлар жамоаси дарвозабони Уго Льорис Муҳаммад Салоҳнинг зарбасини қайтарди, аммо қайтган тўп Тоби Алдервейрелдга тегди ва дарвоза тўридан жой олди

Эндиликда «Ливерпуль» очколари сонини 79тага етказиб, 78 очкога эга «Манчестер Сити»ни қувиб ўтиб, Англия чемпионати турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди. «Тоттенҳэм Ҳотспур» 61 очко билан учинчи ўринда қолди.

Кейинги турда «Ливерпуль» «Саутҳемптон» меҳмони бўлади, «Тоттенҳэм» «Кристал Пэлас»ни қабул қилади.

Англия чемпионати
32-тур
Ливерпуль – Тоттенҳэм 2:1 (1:0, 1:1)

Голлар: 1:0 – 16 Фирмино, 1:1 – 70 Лукас Моура, 2:1 – 90, автогол Алдервейрелд.
Ливерпуль – Алиссон, Матип, Робертсон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Вейналдум, Ҳендерсон (Ориги, 77), Милнер (Фабиньо, 77), Мане, Салоҳ (Ловрен, 90), Фирмино.
Тоттенҳэм – Льорис, Роуз, Санчес (Сон Хин Мин, 69), Алдервейрелд, Триппьер, Алли, Сиссоко, Лукас Моура (Дэвис, 82), Эриксен (Льоренте, 90), Вертонген, Кейн.
Огоҳлантириш: Лукас Моура (80).

Мавзуга оид