Жамият | 17:33 / 01.04.2019
18896
10 дақиқада ўқилади

«Ҳозир бу ерда ҳеч нарса йўқ». Ёзёвонликларни қийнаётган муаммолар

Яқин икки йил ичида тиббиёт ва таълим соҳасидаги ҳолат кўп танқид қилинди. Муаммолар ошкора айтилиши ва ўтказилган ислоҳотлар натижасида ўзгаришлар ҳам бўлди. Бироқ барча ўзгаришлар ҳам ижобий томонга бўлдими? Kun.uz ижодий гуруҳи водийга сафари чоғида Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Тошҳовуз МФЙда бўлди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Бу ердаги муаммолар яқин тарихда пайдо бўлган.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йилнинг 29 март кунги 2857-сонли «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди. Ушбу қарорга асосан, республиканинг турли чеккаларида қишлоқ врачлик пунктлари негизида қишлоқ оилавий поликлиникалар ташкил этилиши белгиланган эди.

Мурожаатчиларнинг эътирозлари тиббий хизмат ва таълим масаласида экан.

Кўчирилган қишлоқ врачлик пункти

«Қишлоқ врачлик пункти қурилганида қишлоғимиздагиларнинг қувончи чексиз бўлганди. Лекин яқинда бу муассасадаги тиббий ходимлар Сойбўйидаги оилавий поликлинага ўтиб кетишди. Бу янги жойгача масофа шу ернинг ўзидан 3-4 км чиқади. Тўғри, машинада унчалик узоқ вақт талаб қилмас, аммо, касал одамга бу масофа узоқлик қилади-да. Масалан мен 74 ёшдаман. Уч касалим бор: қандли диабет, қон босими ва кардионевроз (ваҳима касал). Илгари ҳамма имкониятлар бор эди. Мазам қочса дарров чиқардим, ёрдам беришарди. Ҳозир-чи?..», дейди Аҳмаджон Исмоилов.

«Авваллари бу жойда халққа хизмат қониқарли даражада бўлган. Ҳозир бу жойда ҳеч қанақа шароит йўқ. Асбоб-ускуналарнинг кўпини кўчириб олиб кетишган. Қон босимимизни ўлчаш учун ҳам янги жойга боришимиз керак. Шошилинч ёрдам керак бўлса ўзингиз ўйлайверинг. Бу пункт ўзи яқинда тушган эди. Давлатимизнинг озмунча маблағи кетмаганди бу жойга», дейди куюниб Усмоналихон Мусаев.

Усмоналихон Мусаев

«Олдин бу пунктнинг лабораторияси, электрофарез, шам қўйиш каби имкониятлар бўлган. Ҳозир ҳеч нарса йўқ. Битта кушетка турибди. Хоналар жуда совуқ. Иссиқлик тизими умуман ишламайди. Келганингизда ҳамшира топсангиз, омадингиз. Топа олмасангиз 4 км узоқликдаги поликлиникага бориш керак. Биз сўрайдиган нарса – лабораториямиз қайтса, ҳомиладор аёлларга тиббий хизмат йўлга қўйилса, ётиб даволанадиган кексаларимизга шароит қилиб берилса», дейди Камолиддин Болтабоев.

«Биз поликлиникага борсак, «қишлоқ врачлик пунктидан картангни олиб кел» дейди. Бу ердан картани олиб, яна қайтиб боришга тўғри келади. Касал одам сарсон бўлади. Бошқа жойларга борсак, сенинг ҳудудинг бошқа дейди. Қабул қилмайди», дейди Исоқжон Юсупов.

«Балки бу муаммо кичик кўринар. Лекин, бу пункт 10 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Нафақат, Тошҳовуз МФЙ, ёнимиздаги Беруний ва Иттифоқ МФЙ аҳолиси ҳам шу жойдан фойдаланади. Улар ҳам шу ерга келиб тиббий ёрдам олишарди. Уларга энди бу поликлиника 8 км бўлиб кетади. Бу ишлар президентимиз томонидан тиббий хизматни ривожлантириш мақсадида ташкил қилинганди. Бизда шунинг акси бўлмоқда. Тиббий хизмат кўрсатиш даражаси пасайиб кетди. Одамларга ҳозир жуда қийинлик қилмоқда. Уларда тиббий хизматдан қониқиш йўқ. Ичида ўзининг дорихонаси ҳам бор эди. Ҳозир ҳеч нарса йўқ. Битта аспирин учун узоқларга боришимиз керак», дейди маҳалла раиси Муҳаммадамин Тожибоев.

Муҳаммадамин Тожибоев

«Бу ерда энг ёмони, мухбир ука, ҳомиладор аёллар қорнини катта қилиб ўша поликлиникага боради. Бу ерда 10 минг одам бўлса, борингки шунинг 3 мингга яқини ўша жойга ўтади. Жуда қийин шароитга қўйган ўша жойни», дейди мўйсафид шикоятчи Келдивой Узақов.

Мурожаатчиларни тинглагандан сўнг, «базўр фаолият юритмоқда» дея таъкидланаётган қишлоқ врачлик пунктига кирдик. Бу ерда пунктнинг бош врачи Омонулла Раҳмонов билан кўришдик.

Омонулла Раҳмонов

Муаммо ҳақида тиббиёт мутахассиси шундай таъкидлади: «Бизда доя билан лаборатория ҳафтада бир кун бўлади. Бемор бўлиб қолса поликлиникага ўтилади. Авваллари туманда йўқ аппаратлар бор эди. Ҳамма шароит мавжуд эди. Физиотерапия ўтказар эдик. Маълум қисмини олиб кетишди. Бир қисми ўзимизда турибди. Буларни ишлатадиган ходим учун штат йўқ. Олдин 9 минг, салкам 10 минг аҳоли бўлган. Ҳозир энди аҳоли сарсон. Хоналар совуқ. Кўмирни ҳам яқиндан беришни бошлашди. Касал даволанаман деб келади. Бу ерда аксинча совуқда реакция бериб беморнинг аҳволи янада оғирлашади».

Филиал раҳбари аввал аппаратлар бўлган хоналарни кўрсатди. Ҳозир бу хоналар ҳувиллаб қолган.

Мактабдаги муаммо

Қишлоқ мўйсафидлари яна бир муаммога эътиборимизни тортишди. Бу шу кунлардаги кўп қишлоқларда учрайдиган камчилик эди. Бу мактабдаги ўқувчи сиғимидир. Ҳозирги кунда ушбу муаммо билан мамлакатнинг турли нуқталарида тўқнаш келиш мумкин. Бу масалани ҳам ўрганиб кетиш учун қишлоқдаги 34-умумтаълим мактабига кирдик.

Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, ушбу мактаб кўп йиллардан буён аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келган. Мактабда керакли шароитлар бўлган. Бироқ, аҳоли ўсиш суръатлари юқори бўлган замонда бу кичик мактаб қишлоқ аҳолиси талабларини қондира олмай қолган. Устига устак, бу ҳудудда янги қишлоқлар пайдо бўлиб, турли жойлардан одамлар бу ҳудудга кўчиб келиши авж олаётган экан.

Мактаб вакиллари билан суҳбатлашдик.

Авазбек Қодиров

«Бу мактаб янги очилганда 34-мактаб бўлиб очилган. 5-мактабдан 6-синфга ўтганмиз. Мактабимизда 17та синф учун 8та хона бор. Бизда ўқувчиларга хона етишмайди. Дарслар иш вақтидан анча кеч тугайди. Ўқувчилар кечикиши бор. Ток ўчиши бор. Ота-оналар томонидан эътирозлар туфайли кўп низолар бўляпти. Мурожаатлар кўп тушди. 2017 йилдан бери можаролар давом этиб келмоқда. Ўтган йили ариза берганмиз. 2019 йилги дастурга аниқ киритилиши керак дейишганди», дейди мактаб кузатув кенгаши котиби Авазбек Қодиров.

«Мактабимиз 210 ўринли, ҳозирда 407 нафар ўқувчи таълим олмоқда. 9та синф биринчи сменада, 8та синф иккинчи сменада таълим олмоқда. Ўртадаги муаммони «тепадагиларга» бир неча марта айтганмиз. Режага кўра 2019 йилда бўлиши керак эди. Бошқа зарурроқ жойлар чиқиб қолди, шекилли», дейди боши қотган мактаб директори Илҳомжон Матқосимов.

Мутасаддиларда нима гап?

Муаммоларни эшитдик. Энди раҳбарлардан ҳам икки оғиз сўз олишга қарор қилдик ва туман марказига ошиқдик. Аввало, асосий муаммо саналмиш тиббий хизмат юзасидан туман тиббиёт бирлашмасининг «кутилмаган меҳмони» бўлдик. Ташкилотда амбулатория хизмати бўйича бош шифокор ўринбосари Олимжон Турдиев билан учрашдик.

Олимжон Турдиев

«Туманимизда олдин 12та ҚВП мавжуд бўлган. Президентимизнинг 2857-сонли қарорига асосан оптималлаштириш масалалари кўрилган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида 4та оилавий поликлиника, 2та қишлоқ врачлик пунктига айлантирилиб, биттаси тугатилган. Бундан ташқари, 5та хизмат уйлари ташкил этилган. Булардан биттаси Тошҳовуз уй-жой хизмати уйи эди. Аҳолининг шикоятлари сабаб, тиббий хизмат кўрсатиш филиалига айланди. Врачлар ҳам график асосда ишлашади. Ҳомиладор аёлларга, болаларга, имтиёзли беморларга ўша жойнинг ўзида хизмат кўрсатилади. Фақат ҳужжатлари оилавий поликлиника мудири муҳри орқали хизмат кўрсатилади. 2018 йил ноябрда Вазирлар Маҳкамасига бош шифокорлар чақирилган. Яна ҚВПга қайтариш ишлари бўйича таклифлар берилган. Вилоятда ҳам таклифимизни бердик. Кундузги шифокорлар қайтадиган бўляпти. Физиотерапия ишлари яна кўрилмоқда. Штатлар ҳам кўтариладиган бўлмоқда. Доя ва лаборатория ишлари бўйича ҳафтада 3 кун боради. У ердаги муаммолардан бири – қоровул йўқ. Молия билан келишиб ўт ёқувчи, кўмир бўйича лимитлар ташкил қилдик. Ҳомиладорлик мавзусида айтадиган бўлсак, бу физиологик нормал ҳолат. У қанчалик нормал экан, у киши кўпроқ ҳаракат қилиши керак. Бизнинг халқимизда эса, ҳомиладорликни касал бўлгандек қабул қилишади. Оилавий поликлиникага боришади, рўйхатдан ўтишади. Лекин, айтганимдек филиални ҚВПга айлантириш учун 7 ой олдин масалани кўтарганмиз. Яқинда тиббиёт концепцияси тузилиши айтилмоқда. Соҳада қоғозбозлик ҳали ҳам мавжуд деб таъкидланмоқда», дейди бош шифокор ўринбосари.

Шундан сўнг, туман халқ таълими маркази томон йўл олдик. Ташкилотга етиб борган вақтимизда раҳбар билан учрашдик ва муаммо ҳақида айтгандик, масала юзасидан раҳбарнинг ҳам анча гаплари йиғилиб қолган экан.

«Қани энди мактабда болалар учун етарли жой бўлса, бизга ҳам яхши-ку? Икки сменада ўқиса, ёш болаларга ёз вақтларда билинмайди. Лекин қишда дарров қоронғи тушиб қолади. Биз томонимиздан таклифлар берилган. 34-сонли мактаб юзасидан ҳам дастурга таклиф берганмиз. Муҳимлик даражаси бўйича 9 балл этиб белгиланган. Бундан ташқари, нуқсон далолатномаси 22-мактаб, 24-мактаб ва 4-мактабга ҳам худди ўша 120 ўринли бино ва спортзал зарур дея нуқсон далолатномаси тузганмиз. Муаммо бор. Икки сменада тўлиқ ўқитиляпти. Ният қиляпмиз, 2020 йилги дастурга киритилади», дейди бўлим раҳбари.

Қишлоқдаги тиббий хизмат ва таълим соҳасидаги муаммолар масаласида мутасаддилар билан суҳбатлашиб шуни билдикки, масала туман даражасида ҳал бўлмайди. Улар ўз таклифларини беришган. Юқори турувчи ташкилот раҳбарлари қачон бу қишлоққа эътибор қаратишса, 10 минг кишилик қишлоқ сифатли тиббий хизматдан яна фойдалана бошлаши ва мактаб болалари уйларига ўз вақтида қайтиши мумкин бўлар экан.

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид