Сурхондарёда дунёдаги энг катта сўзана тикилди
Сурхондарёда бўлиб ўтадиган I Халқаро бахшичилик санъати фестивалига бағишлаб бойсунлик ҳунармандлар томонидан дунёда энг катта сўзана тикилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 20 нафар чевар томонидан нозик дид, юксак маҳорат билан яратилган ушбу санъат намунасининг узунлиги 25, эни эса 6 метрни, оғирлиги 60 килограммни ташкил этади.
Моҳир каштадўзлар томонидан тикилган ушбу сўзана олти ой давомида яратилди. Тинимсиз меҳнат маҳсули ҳисобланган каштачилик намунасини яратиш учун воҳани акс эттирувчи турли ёрқин рангдаги 16 килограмм ипаклардан фойдаланилди.
Сўзанани тикишда воҳага хос бўлган қадимги каштачиликнинг тўлдирма йўналишидан фойдаландик, — деди ҳунарманд Нилуфар Жўраева. — Унинг марказида тасвирланган 5 та гулларнинг ҳар бирининг (каштачиликда ойлар деб юритилади) айлана диаметри 2, атрофидаги кичик 14 та гулларнинг ҳар бирининг диаметри 1 метрни ташкил этади.
Сўзана тикиш аввалида унинг чизмасини (гулларни чизиш) тайёрлаш зарур. Бу жараён каштадўздан энг муҳим эътибор талаб этади.
Гуллар марказдан ўнг ва чап томонга қараб чизилади. Бунда ҳар бир деталлар математик ўлчов асосида чизиб чиқилади. Алвон матога туширилган гуллар чизмасини моҳир тикувчилар 6 кун мобайнида тайёрлашди. Ундан сўнг чизмаларни ипак орқали тўлдирма услубида тикиш, астарлаш, қавиш ва мағизлаш жараёнлари ҳам анча мураккабдир.
Сурхон миллий урф-одат ва қадриятлари ва қадимий анъаналарини ўзида мужассам этиб келаётган сўзаналар халқимизнинг бой маданий мероси ҳисобланади. Халқ амалий-безак санъати турларидан бири ҳисобланган кашталик йўналишини сақлаб қолиш, келажак авлодга етказиш барчанинг бирдек вазифаси бўлиши зарур.
Фестиваль олдидан кўпчиликка намойиш этиладиган ушбу сўзанани яқин кунларда Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун мутахассисларини таклиф этиш режалаштирилган, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
14:50 / 21.11.2024
Кувайт Ўзбекистонда Она ва бола кластерини ташкил этади
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024
Уч ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
13:36 / 06.11.2024