Жаҳон | 21:41 / 02.04.2019
11425
4 дақиқада ўқилади

2 апрель – Халқаро аутизм ҳақида ахборот тарқатиш куни

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2 апрель санаси аутизм синдроми ҳақидаги маълумотларни халқаро миқёсда оммалаштириш куни сифатида белгиланган. 2008 йилдан бери бу кунда аутизмнинг эрта ташхисланиши, аутист болаларнинг даволанишига ёрдам кўрсатиш, жамиятни мазкур синдром ҳақида бохабар қилиш масалаларига эътибор қаратилади. 
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, айни кунда дунёда 10 миллиондан зиёд  болага аутизм ташхиси қўйилган. Ҳар йили бу кўрсаткич 11 фоизга ортиб бормоқда. Яъни ўтган асрнинг 90-йилларида ҳар 5000 нафар боладан биттасига аутизм ташхиси қўйилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич ҳар 50 болага тўғри келмоқда.

Мазкур масалада Ўзбекистон ҳам истисно эмас. Республика болаларни ижтимоийлаштириш маркази тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистонда ҳам 200дан зиёд аутизм ташхиси қўйилган болалар рўйхатга олинган. Лекин ҳали реабилитацияга жалб қилинмаган, эътибордан четда қолаётган болалар ҳам анчагинани ташкил этади.

Аутизм синдроми ташхиси болаларнинг даволаниши ва таълим олиши учун етарлича инфратузилманинг мавжуд эмаслиги уларга ўз вақтида ёрдам кўрсатилиши, жамият ҳаётига жалб қилинишида қийинчилик туғдирмоқда. Ота-оналар билан суҳбат чоғида улар бир қатор муаммоларни санаб ўтишди. 

«Республика болаларни ижтимоий мослаштириш марказида аутизмни даволаш бўйича етарли шарт-шароит мавжуд. Логопед, руҳшунос, массажист хизматлари йўлга қўйилган. Лекин марказнинг қамров салоҳияти талаб даражасига қараганда паст. Ҳамма болаларни қамраб олиш имкони бўлмаяпти. Навбат катта. Аутизм эса доимий шуғулланишни талаб этади», дейди марказ руҳшуноси Фарҳод Артикбаев. 

Нилуфар Тожибоева жамоат жойларида кишиларнининг ноўрин муносабати ҳақида айтиб ўтди. «Жамиятда аутизм синдроми, бундай болаларнинг ўзига хослиги ҳақида етарлича тасаввур мавжуд эмас. "Фарзандларимизга бошқача кўз билан қарашади... Бу эса боланинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Аҳолининг бу синдром ҳақидаги хабардорлиги ошириб борилса, яхши бўларди", дейди у.

Аутист болаларни боғча ва мактабга бериш масаласи ҳам анча муаммоли. «Оддий боғчага фарзандимни олишмади. Ҳозир ихтисослашган боғчага қатнаяпти. Лекин у ердаги муҳит болага салбий таъсир кўрсатиши, регресс жараёнига сабаб бўлиши мумкинлигини мутахассислар айтишяпти. Фарзандим инклюзив таълимга эҳтиёж сезади. Лекин таълимнинг бу усули ҳали оммалаштирилмаган», дейди Дилафрўз Иброҳимова. 

Ўз фарзандининг келажагини йўлга қўйиш мақсадида ота-оналар аутист болалар манфаатини ҳимоя қилувчи  нодавлат-нотижорат ташкилот тузиш ташаббуси билан чиқишмоқда. Ташкилотчилардан бири Икром Ҳожиев марказ қамровининг чекланганлиги, хусусий сектор хизматларининг анча қимматлиги туфайли даволаниш суст кечаётганлиги, шу боис ота-оналар барча хизматларни бир жойда жамловчи марказ тузиш истагида эканлигини таъкидлайди. «Фарзандларимизнинг таълимга, касб-ҳунарга жалб қилиниши масаласи эътибордан четда қолмоқда», дейди у. 

Ота-оналар фақат ўз талаб ва истаклари  тингланиши ҳамда инобатга олинишини хоҳлашади. Аутист болаларга ҳам ўз вақтида ёрдам кўрсатилса, улардан  жамият учун керакли кадр етишиб чиқиши мумкин.

Видео: Tas-IX

Видео: Youtube.com

Мавзуга оид