Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича туғилаётган ҳар 100 нафар боланинг биттасида аутизм аниқланади ва охирги йилларда аутизмга чалинган болалар сони ҳар йили 13 фоизга ошмоқда. Аутизм ташхисли болаларнинг ўз дунёси бўлади. Шунинг учун улар жамиятга мослашиши қийин. Лекин уларни бу ҳолида ёлғиз қолдириш касалликнинг янада оғирлашишига сабаб бўлади. Kun.uz Тошкентдаги Нурафшон ўқув маркази билан ҳамкорликда шундай болаларни жамиятга мослаштириш юзасидан йўриқномаларни тақдим этади.

Зарифа Турғунова, Нурафшон ўқув маркази меҳнат ўқитувчиси:

Бугунги ўқувчим 15 ёш, нутқи йўқ. Унда нотўғри хулқ кўплиги сабабли энг кўп меҳнат дарсига жалб қиламиз. Бунда биз визуал карточкалардан фойдаланамиз. Бола бир ишни бошлагандан кейин давомини тушунмайди, шундай пайтда унга карточкалар ёрдамида босқичма-босқич тушунтирамиз.Охирида эса бола энг яхши кўрадиган нарсанинг расмини ёпиштириб қўямиз. Агар бола ҳаммасини яхши бажарса унга ўша расмдаги нарсани бериш керак.

Бу жараён болага уйда, кўчада ўзини яхши тутишига ёрдам беради. Оналар уйда ҳам бу карточкаларни чиқариб кун тартибида фойдаланишлари мумкин. Овқат пишириш, кийим кийиш – ҳаммасида фойдаланса бўлади. Чунки бола оғзаки мулоқотга тушунмайди, унга карточка билан визуал таъсир кўрсатилади. Бора-бора бола ўзи тушуниб, бу ишни мустақил қила бошлайди”.

Аутизм наслдан наслга ўтадиган хасталик эмас, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳалигача номаълум. Бундай болалар ижтимоий ҳаётга мослаша олмайди. Асаб тизимидаги бузилишлар туфайли бола ён-атрофдаги воқеаларга мутлақо бефарқ ёки унинг акси ўлароқ ўта таъсирчан бўлиб қолади. Исмини айтиб чақирганда қарамайди. Онасининг эркалашларига ҳеч қандай эмоция билдирмайди.

Марказ мутахассисларига кўра, бу вазиятда болани кўз қарашлар билан бошқариш мумкин.

Наргиза Самадова Нурафшон ўқув маркази мутахассиси:

Ҳозирги кунда гаджетлар замонида, нафақат ривожланишда камчилиги бор болалар, балки соғлом болалар учун ҳам бу машқлар жудаям керак. Чунки кўз контакти бу – нутқ дегани. Бу машқлар боланинг диққатини жамлашга, онанинг айтганини бажаришга, кўз орқали тушунишга, мумкин-мумкинмас нарсаларга реакция қилишга ёрдам беради. Бу нарса боланинг ҳаёти давомида жудаям муҳим аҳамиятга эга”.

Бундай болаларнинг мияси жуда фаол даражада бўлади. Аммо улар маълумотларни қабул қилишда қийналади. Улар одамларни, овозларни ажрата олмайди. Ёки ўзларига ва ёнидагиларга нисбатан ўта агрессив муносабатда бўлишлари мумкин.