Ўзбекистон | 17:10 / 03.04.2019
18288
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар бош режасининг концепцияси тақдим этилиши кечикди

Тошкент шаҳар бош режасининг концепцияси аввал айтилганидек жорий йилнинг апрель ойида эмас, май ойида тақдим қилинади. Kun.uz мухбири хабар беришича, бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган сайёр қабул чоғида маълум қилган.

«Тошкент шаҳар бош режаси 20 май куни тақдим этилади», деган шаҳар ҳокими Буюк Ипак йўли кўчаси бузилиш-бузилмаслиги тўғрисида берилган саволга жавобан.

Февраль ойида пойтахт маъмурияти томонидан 2019 йилнинг апрель ойи охиригача Тошкент шаҳар бош режаси концепцияси 3D форматда тайёрлаш режалаштирилгани, уни тайёрлаш устида Хитой, Туркия ва Буюк Британия компаниялари иш олиб бораётгани ҳақида маълум қилинган эди.

Тошкент шаҳри ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов Тошкент бош плани 2014 йилда ишлаб чиқилгани, бироқ бугунга келиб, пойтахтда режалар ўзгаргани сабаб, 2014 йилда тасдиқланган бош план ўз актуаллигини йўқотгани ҳақида айтиб ўтганди.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳарни тўлиқ тасвирга олиш («сканердан ўтказиш») учун вертолётга ўрнатилган аэрофотоаппаратлардан фойдаланилишини қўшимча қилганди. Кейинги бир ой давомида ҳафтанинг якшанба кунларида Мудофаа вазирлигининг Airbus Helicopters H215 русумли вертолёти 3D-камералар билан Тошкент устида парвозларни амалга оширмоқда.

Мавзуга оид