Жаҳон | 11:33 / 06.04.2019
6847
2 дақиқада ўқилади

Раҳмон ва Путин 17 апрель куни Москвада учрашади

Россия президенти Владимир Путин 17 апрель куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашади. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга маълум қилди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Москвага расмий ташрифи 17 апрель куни бўлиб ўтади, дея қайд этган Ушаков. Унинг қўшимча қилишича, Кремль бугунги кунда икки мамлакат президентининг учрашувига тайёргарлик кўрмоқда.

Бундан олдин, РФнинг Тожикистондаги элчиси Игорь Лякин-Фролов Россия ва Тожикистон яқин вақт ичида миграция соҳасида янги келишувни имзолаши ҳақида маълум қилганди

Ҳужжатлар Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг 17 апрель куни Москвага расмий ташрифи чоғида имзоланади.

Игорь Лякин-Фроловнинг сўзларига кўра, ҳужжатлардан бири - Россиядаги корхона ва муассасаларда ишлаш учун мигрантларни уюшган ҳолда жалб қилиш бўйича келишув. Россиялик дипломат тафсилотларни очиқламаган. Унинг сўзларига кўра, иккинчи ҳужжат Россия ИИВнинг Тожикистондаги миграция хизмати ваколатхонаси ҳамда Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлигининг Россиядаги ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид