Жамият | 10:30 / 09.04.2019
15665
5 дақиқада ўқилади

Чиноздаги муаммога қайтиб. Мутасаддиларнинг берган ваъдалари ҳавога учдими?

Атроф-муҳит, экология, санитария ва гигиена биз яшаётган даврда алоҳида эътиборга лойиқ мавзулар.

Kun.uz сайтида ўтган йил охирида Чиноз шаҳридаги канализация ва ичимлик сувлари бўйича танқидий мақола эълон қилинган эди. Ўшанда аҳоли вакиллари ўз шикоятларини билдиришган ва ҳокимият идорасида вазирлик, вилоят сувоқова ходимлари ҳолатни ўрганишга ваъдалар беришган эди.

Аммо бу ваъдалар ҳануз бажарилмай келаётгани маълум бўлди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Биз яна Чиноз да бўлиб, мурожаатчилар билан учрашдик. Уларнинг айтишича, «бирор жойда ҳатто чўп ҳам олиб қўйилмаган».

«Келиб кетганинглардан сўнг, ҳеч ким ҳеч иш қилмади. Чиноз аҳли ҳалиям шу сувлардан ичишга мажбур бўляпти. Машинаси борлар бошқа жойлардан сув олиб келяпти. Машинаси йўқлар шуни ичишга мажбур. Яна ваъдалар бериляпти. Апрелдан бошлашар эмиш. 2021 йилгача қилинар эмиш. Унгача аҳоли шу ҳолатда яшайверадими? Шунча ишлар қилиняпти. Шу қатори шу ерга 50-60 миллион сўм сарфланса аҳолига фойда бўладику? Нега бизнинг болаларимиз оқинди сув ичиш керак?! Қани ҳақиқат? Кимдир бунга чек қўйиши керак-ку? Сизларнинг олдингизда сўз беришди. Ўрганамиз дейишди. Бу ерга келишди-да, вазирга бориб айтамиз деб ортларига қайтиб кетишди. Ҳеч қандай иш қилинмади.

Бу ишларга аслида кўп харажат кетмайди. Одамлар жигари касал бўлиб ўлиб кетди, яна қанча одамга яралар тошиб кетди. Касалхонама-касалхона  сарсон юришибди. Уйларнинг шифтларидаги металлар емирилиб кетяпти. Инсон нима бўлибди?! Ҳаммасини айтяпмиз.

Ўтган сафар бориб кўрган жойларингиздан болалар боғчаси тарафда ҳам ҳеч қандай иш қилинмаган», дейди мўйсафид.

Кекса бу инсоннинг сўзларини тингладик ва ўтган сафар кўрган жойларимизни яна айланишга қарор қилдик. Аҳоли томонидан «бадбўй боғча» деб айтилаётган жойни ҳам бориб кўрдик.

Шундан сўнг, аҳоли билан ҳам учрашишдик. Улар вазият ўзгармаганини айтиб ўтишди.

«Биров келиб биз билан учрашгани ҳам йўқ. Жимжитлик ҳали ҳам. Ҳокимиятдан ҳам ҳеч ким келмади. Ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Шу аҳвол ҳали ҳам», дейди Бахтиёр Холмуродов.

«Бизнинг уйларимизда ҳали ҳам ўша аҳвол. Ҳозир иссиқ кунлар келяпти. Уйимизга биров келмайди. Касалликлар кўп бизда. Болаларимизни шунча асраб авайлаймиз. Шу муаммо сабабли қўшнимизнинг ўғли жигар циррози бўлиб вафот этиб кетди. Бу ерда умуман яшагимиз келмайди. Бемалол овқатланиб ҳам бўлмайди», дейди Эшмуродова Саодат.

«Бу ерга санэпидиология марказидан, фавқулодда вазиятлар вазирлигидан ҳам келишди. Аҳвол ёмон деб далолатнома тузиб кетишди. Лекин натижа йўқ», дейди Қалман Эргашев.

Бу жойларни кўздан кечирар эканмиз, бирор жойда ўзгариш кўзга ташланмади. Ваъдалар оғиздагина қолиб кетган экан. Сайтда бу долзарб муаммони ёритилганидан сўнг, вазиятдан кўпчилик хабардор бўлди, кўплаб ҳамюртларимиз вазиятга ўз муносабатларини билдиришди. Бутун мамлакат бу ҳолатга эътибор қаратди-ю, ваъдалар берган мутасаддилар учун муаммо муҳим деб ҳисобланмаган кўринади.

Берилган ваъдалар ерда қолганига қарамай, яна Чиноз шаҳри ҳокимияти остонасида «чақирилмаган меҳмон» бўлдик. Бу жойда яқинда тайинланган туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари билан учрашдик.

«Бу йил ҳисобидан Чиноз каналазициясининг ўзига 10 миллиард сўм ажратилган. Бу ишлар босқичма-босқич олиб борилади. Усталарини ҳам айтиб қўйганмиз. Маблағ чиқиши қолди, холос. Бу кичкина иш эмас. Республикадан чиқиши билан ҳал қилинади. Бу режа ишлари 3 йилдан бери қилинмоқда.

Муаммоларни ҳозирнинг ўзида ҳал этишнинг иложи йўқ. Канализацияни чиқарадиган жой йўқ. Бу йил 10 миллиард сўмлик иш бўлади. Қисман бўлади, тўлиқ бўлмайди», дейди ҳоким ўринбосари Тоҳир Тожибоев.

Ҳокимият остонасидан яна «қўйнимиз пуч ёнғоққа тўлиб қайтди». Яна бу ишлар «келажакда бажарилиши кўзда тутилаётганлиги» ҳақида айтишди. Бир сафар вазирлик, бошқа сафар ҳокимлик шундай ваъдалар беради. Эски раҳбарлар кетади, янгилари келади. Муаммо эса оғирлашиб бораверади. Чиноз аҳли тоқат билан яшайверади.

Баҳодир Аҳмедов – мухбир
Муҳаммаджон Ғаниев - тасвирчи

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид