Жаҳон | 10:53 / 10.04.2019
82574
3 дақиқада ўқилади

Ўлим жазоси энг кўп ижро этилувчи давлатлар маълум қилинди 

Фото:AFP 2019 / STR

Дунёда қатллар сони 2018 йилда 31 фоизга камайиб, камида охирги ўн йилликдаги энг паст кўрсаткични ташкил қилган. Бу ҳақда Amnesty International ташкилоти ҳисоботида айтилган. 

Ҳар йили ўтказилувчи тадқиқотда айтилишича, дунёда қатллар умумий сони 2017 йилдаги 993 тадан 2018 йилда 690 тагача камайган. “2018 йил учун маълумотлар ўлим жазоси қўлланиши умумий ҳолда камаётганини ва бутун дунё бўйлаб ушбу шафқатсиз ва ваҳший жазога чек қўйиш учун самарали қадамлар қабул қилинаётганини кўрсатмоқда”, деб айтилган ҳисоботда. 

Amnesty International бош котиби Куми Найдунинг шу муносабат билан таъкидлашича, “дунёда қатллар сонининг кескин камайиши бу энг кам кутилаётган давлатлар ҳам ўз ёндашувини ўзгартириб, ўлим жазоси муаммонинг ечими эмаслигини тушунаётганини исботлайди”. Жумладан, ҳисоботда айтилишича, Эронда гиёҳванд моддаларга қарши қонунга ўзгартиришлар киритилгач, қатллар сони 50 фоизга камайган. Шунингдек, Покистон ва Сомалида ҳам ўлим жазолари сони анча камайган.

Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари Беларус (камида 4 та қатл), Сингапур (13), АҚШ (25) ва Жанубий Суданда (камида 7 та) қатллар сони ошгани, Японияда эса 2018 йилда кўп йиллар давомида энг кўп қатл қайд қилинганини (15 та) маълум қилишган. 

“Мен ҳамон ўлим жазосини қўлловчи барча давлатларни қатъиятлик билан ҳаракат қилишга ва бу жирканч жазони қўллашни бас қилишга чақираман”, деб айтган Найду.

Тадқиқотда қайд қилинишича, айни вақтда энг кўп одам қатл этилувчи давлат Хитой бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга Хитойда ўлим жазоси қўлланишининг ҳақиқий кўлами номаълум, чунки бу ҳақидаги маълумотлар давлат сири ҳисобланади. Бироқ Amnesty International’нинг баҳолашича, Хитойда ҳар йили минглаб одамларга ўлим жазоси ҳукми чиқарилади ва минглаб одамлар қатл этилади.

2018 йилда энг кўп қатл содир этилган давлатлар орасида Хитойдан кейин Эрон (253 та), Саудия Арабистони (149), Вьетнам (камида 85 та) ва Ироқ (камида 52 та) келмоқда.

Шунингдек, Amnesty International 2018 йилда баъзи давлатларда ўлим жазоси ҳукмлари сони кескин ошганидан хавотир билдирган. Жумладан, Ироқда бундай ҳукмлар сони 2017 йилдаги 65 тадан 2018 йилда 217 тагача, Мисрда эса мос равишда 402 тадан 717 тагача кўпайган.  

Amnesty International Шимолий Кореяда 2018 йилда одамлар қатл этилиши давом этгани, бироқ бу маълумотни тасдиқлашнинг имкони йўқлиги таъкидлаб ўтилган.

Мавзуга оид