Ўзбекистон | 08:59 / 10.04.2019
15120
2 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистон иштирок этаётган лойиҳага қўшилишга тайёр эканини билдирди

2019 йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон бўйича махсус вакили Ден Сисзюн билан учрашди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

ТИВ хабарига кўра, суҳбат чоғида Афғонистондаги ҳозирги ҳолат ва мамлакатда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатишга йўналтирилган афғонлараро тинчлик мулоқотини бошлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Хитой кўп йиллик можарони ҳал этиш борасидаги халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни муҳим аҳамият эга деб ҳисоблайди.

Учрашувда Афғонистон йўналишидаги икки давлат ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жумладан Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятида Хитой томонининг иштирок этиши, турли жабҳаларда бошқа қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хитой томони Ўзбекистоннинг энергетика, транспорт, логистика ва таълим соҳаларидаги турли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, ўзининг «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлини қуриш лойиҳасини ишлаб чиқишга қўшилишга тайёрлигини билдирди. Шу муносабат билан Ден Сисзюн Ўзбекистон томонидан илгари сурилган, бутун минтақага мўлжалланган, кейинчалик Жанубий Осиё давлатларига чиқиш имкониятини берувчи минтақавий транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳанинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Суҳбатда Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган «ШҲТ - Афғонистон» мулоқот гуруҳининг йиғилиш кун тартибига киритилиши режалаштирилаётган масалалар ҳам кўриб чиқилган.

Бундан олдин, Ўзбекистон ва Хитой Афғонистон бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид