Ўзбекистон | 10:31 / 11.04.2019
65286
2 дақиқада ўқилади

Миллиардер Фаттоҳ Шодиев Сирдарё вилоятига 40 млрд сўм ажратяпти 

Фото: menswork.ru

Жорий йил 9 апрель куни асли келиб чиқиши ўзбекистонлик, ҳозирги кунда Қозоғистон Республикасида ўз тадбиркорлик фаолиятини юритиб келаётган Фаттоҳ Шодиев делегациясини Сирдарё вилояти ҳокими Ғафуржон Мирзаев кутиб олди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, учрашувда делегация аъзолари Фаттоҳ Шодиев ташаббуси билан “Шодиев Халқаро фонди” жамғармаси томонидан Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, хусусан Сирдарё халқининг турмуш тарзини янада яхшилаш, ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари учун ҳомийлик ҳисобига 40 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилганлигини айтиб ўтди.

Кеча ажратилиши режалаштирилган маблағнинг қарийб 30 млрд. сўми вилоятнинг махсус ҳисоб рақамига келиб тушган.

Билдирилишича, мазкур маблағлар “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилиши белгиланган вилоятнинг чекка қишлоқларини ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини, автомобиль йўлларини, оқова сув тизимларини мукаммал таъмирлаш, аҳолини турмуш тарзини яхшилаш учун йўналтирилади. 

Шунингдек, маблағнинг бир қисми президент ташаббуси билан Ховос туманида барпо этилаётган “Xovos city” қурилишига сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Фаттоҳ Шодиев дастлабки иш фаолиятини Сирдарё вилоятидан бошлаган, дейилади хабарда.

Мавзуга оид