15:12 / 12.04.2019
6695

«Мен – солиқ тўловчиман» акцияси фаол иштирокчилари «Хумсон» га йўлланма олди  

Фото: ДСҚ Матбуот хизмати

11 апрель куни  «Мен – солиқ тўловчиман» акциясининг ёрқин якуни дея эътироф этилаётган Тошкентдаги тадбир ёшларда ижобий таассуротлар қолдирди ва бўлғуси солиқ тўловчилар ўз билимларини янада бойитиш имконига эга бўлишди.

Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати вакиллари, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ходимлари иштирок этиб, ёшлар билан ўз билимларини ўртоқлашдилар, саволларга жавоб бериб, солиқ қонунчилигидаги янгиликлар, шунингдек, ёш тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар хусусида сўзлаб беришди.

Акциянинг барча иштирокчилари – университет талабалари ва коллеж ўқувчилари эсдалик совғалари билан тақдирланди. Энг фаол иштирокчилар эса Давлат солиқ қўмитасининг «Хумсон» оромгоҳида ёзги таътил вақтларини унумли ўтказиш имкониятига эга бўлди ва бу ерда солиқ мутахассисларининг иштирокида бир-биридан қизиқарли ҳамда маърифий тадбирларни ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ДСҚ акция давомида турли танловлар ўтказиб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ҳар юзинчи обуначига айланган ёшларга совғалар топширилди. Шунингдек, энг яхши хештеглар муаллифлари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида ўтказиладиган акция тафсилотлари Давлат солиқ қўмитасининг Facebookдаги расмий саҳифаси орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.

Фото: ДСҚ Матбуот хизмати

8 апрель куни Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдонидан бошланган «Мен – солиқ тўловчи»  акциясининг илк кунида 500 нафардан ортиқ ёшлар қатнашганди. Тадбир давомида бўлғуси солиқ тўловчилар солиқ соҳасидаги янгиликлардан хабардор бўлиб, мажбурий тўлов турлари, берилган имтиёзлар ва бошқа ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишган.

Самарқанд шаҳри – акциянинг навбатдаги манзили бўлди. 9 апрель куни Самарқанддаги «Ёшлар маркази» да 700 га яқин ўғил-қиз иштирок этди. Тадбирда университет ва коллежлар битирувчилари фаол қатнашди. Уларнинг аксарияти таълим муассасаларини битиргач, ўз бизнесларини йўлга қўйиш ниятида бўлиб, ёш тадбиркорларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида соҳа мутахассислари билан бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотлар ёшлар учун фойдали бўлди.

Солиқларга оид билимга эга ва ўз келажагини солиқ тизими билан боғлаш истагидаги ёшлар Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилаётган «Ёш солиқчилар клуби»  аъзолигига жалб қилинади.

Top