22:43 / 15.04.2019
14740

Исроилда 3D-принтерда тирик юрак босилди

Фото: REUTERS/Amir Cohen

Тел-Авив университети олимлари инсон тўқималаридан 3D-принтер ёрдамида митти тирик юракни босишга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати маълум қилди. 

“Тел-Авив университетининг профессор Тал Двир лабораторияси олимлари дунёда биринчи бўлиб замонавий тиббиётнинг бош масалаларидан бирини ҳал қилишга муваффақ бўлишди: улар 3D-принтер ёрдамида бемордан олинган инсон тўқималаридан бутун, тирик юракни боса олишди. Бу тадқиқот беморларга кўчириб ўтказиш учун органларни кутиш ёки бу органларнинг қабул қилинмаслиги олдини олувчи дорилар қабул қилишларига бошқа ҳожат бўлмайдиган келажак тиббиётига йўл очади. Бунинг ўрнига, шифохоналарнинг ўзида ҳар бир бемор учун тўғри келувчи зарур органлар босилади”, дейилган хабарда.

Исроилнинг Kan давлат радиосининг хабар беришича, босилган юрак қулупнай ўлчамидек келади. У беморнинг юрак-томир мушаклари асос ҳужайраларига айлантирилган ҳамда боғловчи тўқима билан аралаштирилиб, 3D-принтерга жойланган ёғ ҳужайраларидан ташкил топган.

Исроиллик олимлар томонидан яратилган юрак шу босқичдаёқ қуёнга тўғри келиши мумкин. Маълумотларга кўра, бир йилдан кейин 3D-принтерда яратилган юракларнинг қуён ва каламушларга кўчириб ўтказилиши ҳақида гапириш мумкин бўлади, яна ўн йиллардан кейин эса инсон юракларини шифохоналарнинг ўзида босиш имконияти пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда.

Top