Жамият | 13:40 / 15.04.2019
9694
5 дақиқада ўқилади

Муштдек гўдак юрак нуқсони билан курашмоқда. Яхшилар кўмаги зарур

Халқимиздан ёрдам сўраб, Kun.uz таҳририятига мурожаат қилаётганлар ҳам, муҳтожларга моддий кўмак бераётган сахий инсонлар ҳам кўпайиб бормоқда. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, саломатлиги ва келажаги турибди. Уларга Сиз азизларнинг жиддий ёндошувингиз ортида кўплаб юртдошларимизнинг оғири енгил бўлмоқда.

Муҳаммадамин Неъматов юрак нуқсонига чалинган. Бир яшар гўдак оғир дард билан курашмоқда – ҳаво етишмаслигидан кўкариб қолади, оғриқ катта-катта кўзларида акс этиб туради. Замонавий тиббиёт бу дарднинг давосини топган. Ўзимизда, хорижий клиникаларда юрак порогининг турли шакллари муваффақиятли операция қилиб келинмоқда.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Муҳаммадаминни кўтариб келган бувиси Зулайҳо опа ва онаси Шаҳло Бердиёровалар турли ташкилотларга бош уриб кўришган, бор-будларини сарфлаб бир марта Ҳиндистонга бориб келишга ҳам улгуришган.

Келинг, аввал болажоннинг бувиси Зулайҳо опа Бердиёрованинг сўзларини келтириб ўтайлик:

– Ўғлим ва келиним ёш оила, ўзлари ижара уйда яшашади. Набирам Муҳаммадамин туғилганидан кўп ўтмай юрак нуқсони аниқланди. Турли шифохоналарда даволандик, марказий клиникаларда ҳам шу диагноз тасдиқланди. Академик Воҳидов номидаги клиникада операция қилиш мўлжалланганди, аммо бунинг ҳам иложи бўлмади. “Akfa Medline” клиникасида ҳам операция қилиш иложсизлигини, фақат хорижда бунинг имкони борлигини айтишди.

Тавсиялар ва яхшилар кўмаги билан, топган-тутганимизни йиғиб, Ҳиндистонга йўл олдик. Аммо у ерда 8 минг долларга режалаштирилган операция режаси боладаги нуқсон мураккаблиги туфайли ўзгариб, янги ва янада мураккаб операция белгиланди. Унинг қиймати 28 минг АҚШ долларига тенг экан...

Оилавий аҳволимиз бунча миқдордаги маблағни кўтармаслиги боис сайтингиз орқали саховатли инсонлардан ёрдам сўрашга мажбур бўлдик.

Муҳаммадаминнинг онаси Шаҳло Бердиёрованинг ёшли кўзларида умид милтиллаб туради. Ҳеч кимнинг фарзанди касал бўлмасин. Айниқса у ўз дардини айтолмайдиган гўдак бўлса, онанинг юраги ўртанади.

– Фарзандим туғилганида ҳар бир она сингари жуда қувонганман. Аммо унинг юрагидаги дард аниқлангандан буён ҳар бир куним, ҳар туним кўзимда ёш билан ўтади. Кечалари боламни қучоқлаб йиғлаганимда баъзан қаттиқ тушкунликка тушиб кетаман. Боламни йўқотишдан қўрқаман, жуда-жуда қўрқаман... Бор умидим замонавий тиббиётдан. Хориждаги клиникаларда кўплаб болалар шифо топаётганини эшитганимдан буён ўзимни қўярга жой топа олмайман. Агар яхши инсонлар кўмак берсалар ва фарзандим соғайиб кетса, ўғлимни айнан юрак касалликларини даволайдиган шифокор бўлиши учун бор кучимни бериб тарбиялайман. Келажакда ўзи каби болаларга ёрдами тегсин.

Муҳтарам саховатпеша юртдошлар! Kun.uz сайти уюштирган ҳар бир хайрия акцияси Сиз азизларнинг саховатингизсиз ўз аҳамиятини йўқотади. Муҳаммадаминга ҳам ёрдам қўлини чўзинг, зеро кўпнинг кўмаги кўл, дуолари ижобат бўлади.

Муҳаммадаминнинг онаси Шаҳло Бердиёровага оид маълумотлар:

“Агробанк” пластик картаси,

Click /PayМе: 8600 0417 9294 5926

МФО: 00394

ИНН: 201 200 124

Мижоз аризасига асосан омонатдан картага пул ўтказганда: 2311 8000 400000 394500

Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 2312 0000 900 000 394001

Нақд пул топширганда: 2311 6000 600000394001

Visa карта: 4187 8200 0029 6341

Телефон рақамлари (бувиси): +998932282140, +998934308204

Аброр Зоҳидов тайёрлади,
таcвирчи Фазлиддин Абдуқодиров.


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид