Жамият | 22:29 / 15.04.2019
6891
2 дақиқада ўқилади

Ёнғин хавфсизлиги институтида бепул халқ кутубхонаси очилди

Бугун, 15 апрель куни Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида “Китобхонлик бизни бирлаштиради” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

Унда институтнинг профессор ўқитувчилари, курсантлар, Сергели туманидаги Чортоқ, Ал-Фарғоний ва Йўлдош номли маҳалла фаоллари, таълим муассасасининг собиқ битирувчилари, шунингдек, институтга яқин ҳудудда жойлашган 2-, 3- ва 285- сонли мактаб ўқувчилари иштирок этди. 

Маънавий-маърифий тадбирни очиб берар экан, институт бошлиғи Нуриддин Нарматов китобнинг инсон ҳаёти, маънавий оламини бойитишдаги аҳамияти ҳақида гапирди. Шундан сўнг, жорий йилнинг март-апрель ойларида институт курсантлари ва ёш ходимлари ўртасида ўтказилган “Энг яхши китобхон” кўрик танловининг ғолиб ва совриндорларига институт маъмуриятининг диплом, пул мукофоти ва китоблар совға сифатида топширилди.

Тадбирда “Китобхон шаҳар” лойиҳаси доирасида институт атрофида яшовчи аҳоли, хусусан, ёшлар учун ташкил этилган бепул халқ кутубхонаси фаолиятига ҳам старт берилди.

Мазкур халқ кутубхонаси жавонларига 700га яқин ўзбек ва жаҳон адабиётига оид бадиий китоблар жойлаштирилган. Бу китоблардан маҳалла аҳолиси, мактаб ўқувчилари бепул фойдаланишлари мумкин.

Халқ кутубхонаси очилишида институт профессор ўқитувчилари ўз шахсий кутубхоналаридан тадбирда қатнашган мактаб ўқувчиларига турли номдаги бадиий адабиётларни совға сифатида топширишди.

Мавзуга оид