Жамият | 23:01 / 04.04.2019
5250
4 дақиқада ўқилади

Ёнғин хавфсизлиги институтида Ўзбекистонда АЭС қурилиши ва унинг хавфсизлиги масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди

4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институтида «Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши ва унинг хавфсизлиги масалалари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Фанлар Академияси (ФА) президенти Беҳзод Йўлдошев, академиклар, Ядро физикаси институти мутахассислари, Ўзбекистон Миллий университетининг «Ядро физикаси» кафедраси ҳамда Ёнғин хафсизлиги институтининг профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этишди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Фанлар Академияси президенти Беҳзод Йўлдошев атом энергиясининг афзалликлари ва унинг хавфсизлигини таъминлаш ҳақида сўз юритди.

«Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган АЭСда 21 та мустақил хавфсизлик назорати тизими ишлайди. Унга зарар етказишни истаган ҳеч бир инсон мақсадига эриша олмайди. У камида 60 йил давомида кафолатли хизмат кўрсатади», - дейди ФА президенти.

Унинг тақдимотига кўра, бутун дунё бўйича электр энергиясининг 40 фоизи кўмирдан олинади, экологик нуқтаи назаридан қаралганда, бу жуда ёмон. АЭС эса «яшил» энергия манбаи ҳисобланади.

«АҚШда 95 та реактор ишлайди, шулардан 69 тасининг эксплуатация муддати яна 20 йилга узайтирилди. Бирлашган Араб Амирликлари нефть-газга бой бўлса-да, 4 та блок қурмоқда, ҳар бири - 1200 Мвт. Саудия Арабистони яна 4 та блок қуриш учун тендер эълон қилди. Дунёнинг сейсмик жиҳатдан энг хавфли ҳудудларидан бири ҳисобланган Туркия 4 та блок қурмоқда. Хитой - 38 та, Ҳиндистон - 16 та, Покистон - 8 та блок қуряпти. Европа марказида жойлашган Венгрия 2 та блок қурмоқда. Бундан ташқари, Финляндия, Болгария ва бошқа давлатларда ҳам АЭС қурилмоқда. Хитой 2050 йилгача 50 фоиз электр энергиясини айнан атом энергиясидан олишга эришмоқчи. Нима учун? Сабаблари: АЭС - тоза, «яшил» ва энг арзон энергия манбаи», - дея маълумот берди Беҳзод Йўлдошев. 

Тадбир доирасида курсантлар ва ўқитувчилар Фанлар Академияси президентига АЭСга доир саволлар билан юзланишди ва уларга жавоблар олишди.

«Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси бўйича етакчилик қилади, электр энергияга бўлган талаб ҳам шунга мувофиқдир. Шу кунга қадар мени кўпроқ АЭСларининг хавфсизлик масалалари ўйлантирар эди. Бугунги олган билимларидан кейин, тўғриси, анча кўнглим хотиржам бўлди. Радиацион сувнинг изоляцияланганлиги, радиоактив чиқиндиларнинг аҳолидан анча узоқ жойларга олиб бориб ташланиши ёки радиоактив изотиплардан фойдаланишда тўлиқ хавфсизлик чоралари кўрилганлиги, зилзила ва сув тошқинлари эҳтимоли юзасидан уларнинг автоматик равишда ўчирилишига оид маълумотларни олиб, қаноат ҳосил қилдим», - дейди Ёнғин хавфсизлиги институти «Ёнғин хавфсизлиги бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар маркази» катта сержанти Илҳом Бекпўлатов.

 Таъкидлаш жоизки, Ёнғин хавфсизлиги институтида ҳам хорижий давлатларда фаолият юритаётган ва қурилаётган АЭСларда ёнғинлар профилактикаси талаблари ва тартибини, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор тажрибаларни тадқиқ этиш бўйича Ишчи гуруҳи шакллантирилган, тегишли таҳлилий ишларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилган.

Видео: Mover (tas-ix) 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид