2019 йилнинг 9 январь куни “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти ҳамкорлигида “Олий ҳарбий таълим муассасалари тингловчи ва курсантларида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда “Темур тузуклари”нинг аҳамияти”га бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Ўзбекистон Қуролли Кучлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати институти, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техника институти, Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети, Тошкент Тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети, Ёнғин хавфсизлиги институтининг курсантлари ва тингловчилари ҳамда Тошкент шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари иштирок этди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев ёшларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, ватанпарварлик юксак маънавий-ахлоқий қадрият эканлигини тушунтириш муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди. Бу борада Амир Темур сиймоси, мазмун-моҳияти билан қомусий руҳни ўзида мужассам этган “Темур тузуклари” ғояларининг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи, полковник Нуриддин Нарматов Ватан ҳимоясида турмоқ, унинг тинчлиги, осойишталиги, осудалиги учун хизмат қилмоқ энг шарафли ва муқаддас бурч эканлиги, Ватанни ҳар жиҳатдан етук, баркамол, билим савияси юқори ва албатта маънавияти, маърифати юксак шаклланган, ўз юрти, халқи, миллатининг ўтмиши, тарихи, маънавият илдизларини чуқур билган, англаган фарзандларгина муносиб ҳимоя қила олишини тарих кўп бор исбот этганлигига алоҳида тўхталди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори – Бахтиёр Ҳасанов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори – Хуршид Файзиев, Амир Темур илмий экспедицияси раҳбари – Фахриддинхўжа Ашрафхўжаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Ҳайитлар сўзга чиқиб, тарихий манба сифатида “Темур тузуклари”нинг ёшларда, хусусан олий ҳарбий таълим муассасалари тингловчи ва курсантларида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашдаги тарбиявий ва маърифий аҳамияти ҳақида сўз юритишди.