Жамият | 11:38 / 26.04.2019
7742
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Шараф лентаси»ни улашиш акцияси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019-йил 23-апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан бир қатор йирик лойиҳаларга старт берилди.

Хусусан, жорий йил май ойининг биринчи ўн кунлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида “Хотира ва қадрлаш куни”га бағишлаб “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиори остида декада эълон қилинди.

Иккинчи жаҳон урушида матонат кўрсатган ҳамюртларга эҳтиром рамзи сифатида “Шараф лентаси”ни улашиш акцияси ўтказилди.

Дастлабки лента тарқатиш маросими Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биноси ёнида ўтказилди. Маросимнинг очилишида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбарияти, таниқли фан, таълим ва маданият намоёндалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси оркестри жўрлигида янграган мусиқа садолари остида иттифоқ фаоллари ҳамда кўнгиллилар миллий байроқ рамзи туширилган “Шараф лентаси”ни аҳоли вакилларига улашди. Мазкур акция бугундан бутун мамлакат бўйлаб ўтказилади.

“Шараф лентасини” аҳоли вакилларига улашиш пойтахтнинг Сайилгоҳ кўчасида ҳам ўтказилди. Шунинг учун бўлса керак, бугун бу муаззам маскан ҳар қачонгидан гавжум бўлди.

— Иккинчи жаҳон уруши йилларида юрт ҳимоясига отланиб, Ватанга муносиб хизмат қилган юртдошларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида ташкил этилган бугунги акциянинг ўтказилиши мени ниҳоятда тўлқинлантирди, —дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ёқуб Аҳмедов.— Зеро, аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш ҳар бир ёшнинг бурчига айланмоғи даркор.

Ушбу акция шунингдек, пойтахтдаги Халқлар Дўстлиги майдонида ҳамда «Ёшлик» талабалар шаҳарчасида ўтказилди.

Шунингдек, акция давомида иштирокчилар «Шараф лентаси» акс этган фотосуратларини #SharafLentasi, #RibbonHonor,, #ЛентаСлавы ҳештеглари остида ижтимоий тармоқларда жойлаб борди.

Мавзуга оид