Жаҳон | 11:26 / 26.04.2019
16805
2 дақиқада ўқилади

Трамп ядро қуролидан воз кечишга чақирди

Фото: AP Photo/Evan Vucci

АҚШ президенти Дональд Трампнинг фикрича, Қўшма Штатлар, Россия ва Хитой ядро қуролларидан воз кечиши керак. Бу ҳақда у Fox News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Бугун мен Россия президенти Владимир Путин АҚШга КХДР етакчиси Ким Чен Ин ва Шимолий Корея масаласида ёрдам бериш имкониятидан хурсандлигини маълум қилганини кўрдим. Биз ядро қуролидан воз кечишни истаймиз, барчамиз буни қилишимиз керак. Россия ундан воз кечиши лозим, Хитой ундан бош тортиши керак», - деди Америка маъмурияти раҳбари.

Пайшанба куни CNN телеканали Оқ уйнинг номи ошкор этилмаган вакилларига таяниб, Трамп Россия ва Хитой иштирокини назарда тутувчи, ядро қуролларини қисқартириш тўғрисида битим лойиҳасини тайёрламоқчи экани ҳақида хабар берди. 

«Президент шуни аниқ билдирдики, унинг фикрига кўра, қуроллар устидан назорат Россия ва Хитой иштирокида амалга оширилиши ҳамда барча қурол турлари, жанговар каллаклар ва ракеталарни ўз ичига олиши керак», - дея манба сўзларини келтиради телеканал.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид