Light | 10:40 / 28.04.2019
48472
6 дақиқада ўқилади

Топилмаган хазиналар. Улар қанча ва қаерларда ғойиб бўлган?

Маълумотларга кўра, дунёнинг турли бурчакларида, асосан ер ости, денгиз туби ва ғорларда қиймати 900 млрд доллардан кўпроқ хазиналар яшириниб ётибди. Шундай одамлар борки, ўз умрини ана шу хазиналарни топишга бағишлаган, аммо айтарли натижага эриша олмаган. Бугун ҳануз пинҳон бўлган хазиналардан айримларини келтириб ўтамиз.

Чингизхон қабри

 ФОТО: TERRA-Z.COM

Чингизхон қўшинлари босиб олган ҳудуд Александр Македонскийникига нисбатан тўрт марта, Рим империясиникига нисбатан икки марта катта эди. Табиийки, унинг ихтиёрида ақл бовар қилмас бойлик жамланган, шу билан бирга хоннинг хундор душманлари ҳам жуда кўп эди. Чингизхон инсониятга ўтказган жафолари туфайли қабри таҳқирланишини яхши англаган ва ўзи кўмилган майдонни сир тутиб, устидан отлар уюри топтаб ўтишини васият қилган.

Сир сирлигича қолди ва Чингизхоннинг қабри ҳануз топилмади. Олимлар учун бу қабрнинг тарихий аҳамияти муҳим бўлса, хазина изловчилар Чингизхон жасади билан бирга катта миқдорда бойлик кўмилганига шубҳа қилишмайди. Бу ҳақда айрим узуқ-юлуқ тахминлар ҳам бор, қолаверса, ўша пайтларда ҳам улуғ инсон дея ҳисобланган жасаднинг у дунёдаги эҳтиёжлари учун бойлик кераклиги ҳақидаги ақида ҳали буткул йўқолиб кетмаганди. Хазина изловчиларнинг фикрича, бир неча миллиард долларлик бу хазина-қабрни ё Россиянинг Олтой ўлкасидан, ё Мўғулистоннинг Бурхан-Халдун тоғи атрофидан қидириш керак.

Қаҳрабо хона (Янтарная комната)

Машҳур Қаҳрабо хона бўйича ҳам ҳақиқатдан кўра миш-миш кўпроқдек. Лекин унинг мавжуд бўлгани ва қаердадир яширилгани шак-шубҳасиз. Бу хона, яъни яхлит бойлик мажмуаси Пруссия қироли томонидан Пётр I’га туҳфа қилинган Санкт-Петербургга олиб кетилган. Аммо иккинчи жаҳон уруши пайтида немислар ҳам ўзларини бу бойликка ҳақдор билиб, ҳам ўлжа сифатида хонани бутунлигича олиб кетишган. Охирги марта Қаҳрабо хонани Кенигсберг (ҳозирги Калининград) қасрида иттифоқ қўшинлари кириб келишидан уч кун олдин кўришган. Бомбардимонлар чоғида хона вайрон бўлиб, эриб йўқолиб кетгани таъкидланишига қарамай хазина изловчилар уни излашдан тўхтамайдилар. Чунки вақти-вақти билан бу хазинанинг яширилган жойи тўғрисида маълумотлар тарқалиб қолади. Охирги марта 2013 йилда вермахтнинг 90 ёшли аскари Қаҳрабо хона Даниянинг Асаа қишлоғи яқинида кўмилганига шахсан гувоҳ бўлганини билдирган ва кўпчиликнинг юрагига ғулғула солганди.

Колчак олтинлари (490,5 кг)

Россиянинг олтин захиралари. 1918 йил
Фото: Википедия

Октябрь инқилобидан кейин шоҳ Николай II’ нинг ишонган саркардаси адмирал Колчакка давлат хазинасининг бир қисми берилади ва ярим тонна олтинни сақлаш буюрилади. Аммо қизиллар Колчакни ҳам енгиб, таъқиб эта бошлайдилар. Уларни фақат душманни енгиш эмас, олтинларга ҳам эгалик қилиш қизиқтирган бўлса ажаб эмас.

1918 йилда ўзини Россия империясининг олий раҳбари сифатида таништиришни бошлаган Колчак олтинларнинг бир қисмини қурол ва қўшинлар учун сарфлайди. Аммо барибир ўз мақсадига эриша олмай, қизилларга енгилади ва 1920 йилда отиб ташланади. Бу пайтга келиб олтинларнинг анчаси совурилган ёки ўғирланган эди. Аммо шундан кейин қолганлари ҳам анчагина бўлиб, уларни Колчак тарафдорлари яширишга улгуришганди. Шундан буён бу олтинларни жуда кўпчилик излаган. Тахминларда Байкал кўли тубига чўкиб кетгани айтиладиган бу хазина ҳалигача топилмаган.

Қароқчилар хазинаси

Қароқчиларнинг кўплаб хазиналари ҳануз топилмаган. Бу табиий, сабаби қароқчилар ҳаётлик чоғларида катта бойлик тўплашгани билан уларни эмин-эркин сарфлаш имкониятига эга бўлишмаган. Кўпчилиги хазинасини сарфламай, яширилган жойини ҳам айтмай қатл қилинган, айримлари қайтиб келишга умид қилиб, яширган хазиналарини кўра олмай денгизда дафн қилинишган. Шундай денгиз қароқчиларидан энг машҳурлари Генри Морган, Дрейк, Уильям Кидд ва уларнинг хазиналари ҳануз кўпчиликнинг тушларига кириб чиқади. Ҳисоб-китобларга кўра бу хазиналарнинг қиймати бир неча млрд доллардан ошади ва бугунги кунда уларнинг фақат 7 фоизга яқини топилган, холос.

Бундан тахминан 300 йил олдин Мадагаскар яқинида қароқчиларнинг 13та кемаси чўкиб кетгани хазина изловчиларни ҳамиша ўша ҳудудга чорлаб келади.

Қирол олтинлари

1715 йилда Янги Дунё дея аталувчи Америка қитъасидан Испания томон йўлга чиққан 11та кема чўкиб кетди. Кемаларда қирол Филипп V хазинасини бойитиш учун олиб кетилаётган кўп миқдордаги олтин-кумушлар бор эди ва уларнинг бугунги кундаги қиймати камида 450 млн долларга тенглиги ҳисоблаб чиқилган.

Кучли тўфон натижасида ғарқ бўлган кемаларни излаганлар жуда кўп бўлди. Бир қарашда манзил аниқ, топиш осон туюлар, Флорида қирғоқларидаги Форт-Пирс ҳудудини излаш кифоядек эди. Аммо уч асрлик қидирувлар бесамар якунланмоқда.

Амирнинг олтинлари ва Улуғбек хазинаси

Марказий Осиёда яширилгани тахмин қилинувчи хазиналар ҳам талайгина. Уларнинг энг машҳури (гарчи олтин ёки қимматбаҳо тошлар бўлмаса-да) Улуғбек хазинасидир. Мирзо Улуғбекнинг энг нодир китоблари ва муҳим ҳужжатлари яқин инсонлари томонидан бир нечта сандиқларда яширилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Шунингдек, Бухорони тарк этишга мажбур бўлган сўнгги ҳукмдор Амир Олимхоннинг ҳам катта миқдордаги олтинлари турли жойларга беркитилгани тўғрисида гап-сўзлар юради. Аммо олимлар учун тарихий аҳамиятга эга бўлган Улуғбек хазинаси ҳам, катта бойлик ҳисобланган амирнинг олтинлари ҳам ҳануз топилмаган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид