11:47 / 30.04.2019
10104

Неймар Бразилия терма жамоасидан четлатилиши мумкин

«ПСЖ» ҳужумчиси Неймар Франция кубоги финалида «Ренн»га қарши кечган ўйиндан кейинги ҳаракатлари учун Бразилия миллий жамоасидан четлатилиши мумкин. У якшанба куни Париждаги «Стад де Франс» стадионида ўзини танқид қилган мухлислардан бирига мушт туширганди.

Super.FC хабарига кўра, унинг ўзини бундай нопрофессионал тарзда тутиши Бразилия миллий жамоаси бош мураббийи Титега маъқул келмаслиги мумкин. Ушбу мутахассис аввалроқ мухлислардан бирига қарата туфлагани учун «Ювентус» вингери Дуглас Костани миллий жамоага чақирмай қўйган эди.

Қолаверса, Неймар «пентакампеонлар» сардорлик боғичидан маҳрум бўлиши ҳам тахмин қилинмоқда.

Эртага, 1 май куни Франция профессионал футбол лигаси Интизом қўмитаси мазкур ҳолат бўйича қарор чиқаради. Неймар 8 ўйинга дисквалификация қилиниши ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Неймар Бразилияда солиқ идоралари билан муаммоси борлиги, шу боис самолёти ва вертолётидан айрилиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Top