Ўзбекистон | 13:54 / 01.05.2019
7553
7 дақиқада ўқилади

Амалдорларнинг давлат хизматлари кўрсатишдаги фаолияти баҳолаб борилади

Фото: panthermedia/vostock-photo

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда уларнинг бу соҳадаги фаолиятини баҳолаш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичлари ҳамда уларнинг бу соҳадаги фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, баҳолаш давлат хизмати кўрсатиш учун масъул бўлган ҳар бир ваколатли орган томонидан ўз масъул ходимларига нисбатан амалга оширилади.

Баҳолаш қонунийлик, адолатлилик, холислик, шаффофлик, ҳар тарафламалик ва ишончлилик принципларига асосланади.

Ваколатли органларнинг давлат хизмати кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятига оид статистик маълумотлар, масъул ходимларнинг хатти-ҳаракатлари устидан келиб тушган шикоятлар ҳамда мурожаат этувчиларнинг хизмат ва масъул ходим ҳақида қолдирадиган фикрлари баҳолашга доир манбалар ҳисобланади.

Масъул ходимларнинг давлат хизматлари кўрсатиш фаолияти қуйидаги асосий кўрсаткичлар бўйича баҳоланади:

кўрсатилган хизматлар миқдори;

тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатдан олдин кўрсатилган хизматлар миқдори;

тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатдан кечиктирилиб кўрсатилган хизматлар миқдори;

масъул ходим хатти-ҳаракатлари бўйича билдирилган миннатдорчиликлар сони;

масъул ходим хатти-ҳаракатлари устидан келиб тушган шикоятлар сони;

масъул ходимнинг хушмуомалалиги ва малакалилиги.

Масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизмати сифатини умумий баҳолаш ҳар бир кўрсаткич учун тўпланган баллар миқдорининг йиғиндиси орқали ҳисобланади.

Кўрсатилган хизматлар миқдори кўрсаткичи бўйича ҳисобот даври давомида ҳар бир масъул ходим томонидан кўрсатилган давлат хизматлари сони киритилади.

Бунда масъул ходим томонидан кўрсатилган хизматлар сонининг ваколатли органнинг айнан шу ҳудудий бўлинмасида масъул ходим томонидан энг максимал кўрсатилган хизматлар сонига нисбати олинади. Кўрсаткич ифодасини аниқлашда баҳоланаётган масъул ходим расман иш жойида бўлган давр (хизмат сафари, меҳнат таътили ва бетоблик бўйича таътил кунлари чиқариб ташланади) инобатга олинади. Баҳо қуйидагича қўйилади:

86 фоиздан 100 фоизгача – 15 балл;
76 фоиздан 85 фоизгача – 12 балл;
61 фоиздан 75 фоизгача – 8 балл;
51 фоиздан 60 фоизгача – 5 балл;
50 фоиздан кам – 0 балл.

Тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатдан олдин кўрсатилган хизматлар миқдори кўрсаткичи бўйича масъул ходим томонидан ҳисобот даври давомида қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан олдин кўрсатилган хизматлар сонининг ҳисобот даврида кўрсатилган хизматлар умумий сонига нисбати олинади. Бунда баҳо қуйидагича қўйилади:

10 фоизгача – 5 балл;
11 фоиздан 30 фоизгача – 10 балл;
31 фоиздан 50 фоизгача – 15 балл;
50 фоиздан юқори – 20 балл.

Тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатдан кечиктирилиб кўрсатилган хизматлар миқдори кўрсаткичи бўйича масъул ходим томонидан ҳисобот даври давомида қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан кечиктирилиб кўрсатилган хизматлар сонининг ҳисобот даврида кўрсатилган хизматлар умумий сонига нисбати олинади. Бунда масъул ходимнинг самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичларининг умумий қийматидан:

кечиктирилган мурожаатлар мавжуд бўлмаса – 0 балл;
5 фоизгача – 5 балл;
6 фоиздан 10 фоизгача – 10 балл;
11 фоиздан 20 фоизгача – 15 балл;
20 фоиздан юқори – 20 балл айрилади.

Масъул ходим хатти-ҳаракатлари бўйича билдирилган миннатдорчиликлар сони кўрсаткичи бўйича масъул ходим номига ҳисобот даври давомида билдирилган миннатдорчиликлар сонининг ушбу ходим томонидан ҳисобот даврида кўрсатилган хизматлар умумий сонига нисбати олинади. Бунда, масъул ходимнинг самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичларининг умумий қийматига:

миннатдорчиликлар мавжуд бўлмаса – 0 балл;
10 фоизгача – 1 балл;
11 фоиздан 20 фоизгача – 2 балл;
21 фоиздан 30 фоизгача – 3 балл;
30 фоиздан юқори – 5 балл қўшилади.

Масъул ходим хатти-ҳаракатлари устидан келиб тушган шикоятлар сони кўрсаткичи бўйича масъул ходим номига ҳисобот даврида келиб тушган ва ўз тасдиғини топган шикоятлар сонининг ушбу ходим томонидан ҳисобот даврида кўрсатилган хизматлар умумий сонига нисбати олинади. Бунда, масъул ходимнинг самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичларининг умумий қийматидан:

шикоятлар мавжуд бўлмаса – 0 балл;
5 фоизгача – 1 балл;
6 фоиздан 10 фоизгача – 2 балл;
11 фоиздан 20 фоизгача – 5 балл;
20 фоиздан юқори – 10 балл айрилади.

Масъул ходимнинг хушмуомалалиги ва малакалилиги кўрсаткичи бўйича хизматдан фойдаланган мурожаат этувчилар томонидан масъул ходимга 5 балли тизим бўйича қўйилган баҳоларнинг (баҳо қўйган мурожаат этувчилар сони доирасида) ўрта арифметик ифодаси иккига кўпайтирилган ҳолда акс эттирилади. Бунда мурожаат этувчиларга масъул ходимни баҳолаш учун ваколатли органнинг хоҳишига кўра қуйидаги усуллардан бири таклиф этилади:

бинонинг чиқиш қисмида ўрнатилган қурилма (табло, инфокиоск ва б.) орқали масъул ходим ва баҳони танлаган ҳолда;

смс қайта алоқа орқали мурожаат этувчининг телефон рақамига масъул ходимни баҳолаш таклиф этилган хабарнома юборган ҳолда;

мурожаат этувчига ҳаволани юборган ҳолда ваколатли органнинг расмий веб-сайти орқали;

Ягона порталда очилган алоҳида ойна орқали.

Мазкур кўрсаткич Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини кўрсатувчи масъул ходимларга нисбатан қўлланилмайди.

Ҳисобот даври давомида ходимга берилган ҳар бир фахрий ёрлиқ учун масъул ходимнинг самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичларининг умумий қийматига 5 балл қўшилади.

Масъул ходимга берилган умумий баллар миқдори:

45 баллдан юқори бўлса – аъло;
35 баллдан 45 баллгача бўлса – яхши;
20 баллдан 35 баллгача бўлса – қониқарли;
20 баллдан паст бўлса – қониқарсиз деб топилади.

Баҳолаш ҳар чоракда:

туман (шаҳар) ташкилоти томонидан кўрсатиладиган давлат хизмати бўйича туман ташкилоти раҳбари томонидан;

вилоят ташкилоти (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида) томонидан кўрсатиладиган давлат хизмати бўйича вилоят ташкилоти раҳбари томонидан;

республика ташкилоти томонидан кўрсатиладиган давлат хизмати бўйича ташкилот раҳбарининг давлат хизматлари кўрсатилиши учун масъул ўринбосари томонидан ўтказилади.

Ҳудудий бўлинма миқёсида баҳолашни ўтказиш тартиби баҳолашни ўтказиш учун ваколатли орган томонидан белгиланади.

Баҳолаш якунлангач туман ва вилоят миқёсидаги натижалар республика ташкилотига йўлланади. Баҳолаш натижаларига кўра энг яхши кўрсаткичларга эришган ходимлар ҳақидаги маълумот ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасига қадар ваколатли органнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Ваколатли орган баҳолаш натижаларига кўра кўрсаткичлари қониқарсиз деб топилган масъул ходимларнинг малакасини ва иш сифатини ошириш бўйича тегишли ташкилий чоралар кўриши зарур.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид